Хоразмда каналдан машинага занжирланган ҳолдаги жасади топилган эркакнинг ўлими сабаби фош қилинди

Жамият

image

Аввалроқ, Хоразм вилоятининг Ҳазорасп туманида уйидан чиқиб кетиб, бедарак йўқолган эркакнинг жасади автомобилига занжирланган ҳолда каналдан топилгани ҳақида хабар берган эдик.

Ҳазорасп туман прокурори Р.Жуманиязов томонидан 17.04.2020 йилда фуқаро Т.Кодировнинг бедарак йўқолганлиги ҳолати юзасидан ЖКнинг 97-моддаси 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилганди.

Мазкур иш юзасидан олиб борилган текширувлар натижасига кўра, эркак ўз жонига қасд қилгани аниқланган. Бу ҳақда Бош прокуратура Матбуот хизмати хабар берди.

Аниқланишича, Ҳазорасп тумани, Темирчи маскани маҳалласи, Базм кўчаси, 15-уйда яшовчи, 1986 йил 6 декабрда туғилган фуқаро Қ.Т. 2020 йил 27 март куни соат тахминан 10:00 ларда отаси Қ.А. номида бўлган қизил рангли Tico русумли 90 W 854 LA давлат рақам белгили автомашинани бошқариб, яшаш уйидан чиқиб кетиб, қайтиб келмасдан бедарак йўқолган.

Мазкур жиноят иши бўйича олиб борилган тергов-тезкор ҳаракатлари давомида тўпланган далилларга кўра, Қ.Т. 2020 йил 27 март куни бир неча маротаба мазкур “Тошсақа” каналининг Ҳазорасп тумани, Амударё маҳалласи, (ҳозирда Хоразм вилояти, Тупроққалъа тумани) ҳудудидаги “Чап қирғоқ” сув тақсимлаш иншооти атрофида бўлганлиги аниқланди.

Шунингдек, Қ.Т. фойдаланувида бўлган телефон рақами сўнгги маротаба 2020 йил 27 март куни соат 21:41 да “Чап қирғоқ” сув тақсимлаш иншооти олдида бўлганлиги аниқланди.

Тергов давомида суд-психиатрия экспертиза тайинланиб, вилоят рухий-асаб касалликлари диспансери экспертларининг 13 майдаги хулосасида, сўнги йилларда Қ.Т.нинг руҳиятида ўзгаришлар бўлганлиги, унда ўзини ўлдиришга мойиллик сезилаётганлиги кўрсатилган.

Шу сабабли, Қ.Т.нинг мазкур “Тошсақа” каналининг “Чап қирғоқ” сув тақсимлаш иншооти атрофида сувга чўкиб вафот этган бўлиши мумкинлигини инобатга олиб, 2020 йил 4 июнь куни “Чап қирғоқ” сув тақсимлаш иншооти ҳудудида сув тўсилиб, ИИБ ва махсус қуткарув хизмати ходимларидан иборат гуруҳ томонидан каналда қидирув ишлари олиб борилган.

Натижада, каналдаги сувдан Tico русумли 90W854LA давлат рақам белгили автомашина ва автомашинанинг ҳайдовчи ўриндиғида фуқаро Қ.Т. бўйнидан занжир билан автомашинанинг рул қисмига қулфланган ҳолдаги мурдаси топилган.

Tico русумли автомашина кўздан кечирилганда, ичкаридан қулфланганлиги, автомашина ўт олдиргичи ёниқ ҳолатда, узаткичи ҳаракатланиш (2-скорость) ҳолатида бўлганлиги маълум бўлди ва автомашина салонидан янги сотиб олинган 2 та қулфларнинг нархи тушурилган қутиси борлиги аниқланиб, ашёвий далил тариқасида олинган.

Мазкур ҳолатлар бўйича олиб борилган тергов ҳаракатлари давомида, Қ.Т. юқоридаги қулфларни ва занжирларни 27 март куни Ҳазорасп тумани, Янгибозор қишлоғи ҳудудидаги савдо шоҳобчаси сотувчисидан сотиб олганлиги аниқланди.

Қ.Т.нинг ўлим сабабини аниқлаш бўйича суд-тиббий экспертизаси тайинланиб, экспертларнинг 20 июндаги 24-сонли хулосасида, Қ.Т.нинг тани баданида жароҳат излари йўқлиги, унинг ўлимига чўкиш оқибатида нафас йўлларининг сув билан тиқилиши оқибатидаги механик асфикция сабаб бўлганлиги қайд қилинган.

Шунингдек, тергов давомида Қ.Т. ва турмуш ўртоғи И.Ш. фойдаланувида бўлган “Samsung-J250F” русумли уяли телефони мутахассислар иштирокида кўздан кечирилганида, 20.12.2020 йилдан 25.03.2020 йилгача “Youtube” иловаси орқали сайтга кирилиб, каналдан ва сувдан топилган мурдалар билан боғлиқ, ўз жонига қасд қилиш ва шу мазмундаги 46 та видео роликларни томоша қилинганлиги аниқланган.

Юқоридагиларга асосан Қ.Т.нинг бедерак йўқолганлиги ва 4 июнь куни мурдаси топилганлиги ҳолатида жиноий ходиса юз бермаганлиги сабабли, 30 июнь куни жиноят иши ЖПКнинг 83-моддаси 1-қисмига асосан тугатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хоразм жиноят

Баҳолаганлар

2666

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг