Хоразмда инспектор тунги хизмат вақтида калтакланди
3-саҳифа
−
08 Июнь
9046Хоразм миллий табиат боғи инспекторига хизмат вақтида тан жароҳати етказилди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги хабар берди.
Маълум бўлишича, ҳудудда 2024 йил баҳорида “Яшил макон” умуммиллий лойиҳаси доирасида экилган 3000 туп гужум кўчатлари нобуд бўлиш ҳолатига келиб қолган. Бунга миллий табиат боғига туташ ҳудудда “Амударё олтин балиқ” фермер хўжалиги томонидан ажратилган ер майдонидан ташқарига чиқиб, гужум кўчатлари экилган жойга шоли экиш мақсадида майдон четидаги катта ҳимоя чегаралари бузиб ташлангани ва сув очиб юборилгани сабаб бўлган. Бунинг оқибатида гужум кўчатлари бир неча кундан буён сув остида қолиб кетган. Хоразм миллий табиат боғи маъмурияти томонидан фермер хўжалигига 1 кун муддатда сув чиқариб юборилмаса, 3000 дан зиёд кўчат нобуд бўлиши ва бу маъмурий жавобгарликка тортилиши юзасидан огоҳлантириш хати берилган.
"Аммо фермер хўжалиги раҳбари А. Ў. бу огоҳлантиришга парво қилмасдан, 4 июнь куни кечқурун соат тунги 00:00 лар атрофида боғ ҳудудига сув очиш мақсадида кирган. Шу пайтда уни инспектор пайқаб қолган ва ҳуқуқбузарликни бартараф қилишга уринган. Лекин маст ҳолатда бўлган А.Ў. инспекторга қаршилик кўрсатган ва уни дўппослаб, тан жароҳати етказган", дейилади хабарда.
Билдирилишича, инспектор Янгибозор туман тез тиббий ёрдам муассасасига ётқизилган, айни дамда унга керакли муолажалар кўрсатилмоқда.
Ҳолат юзасидан тегишли ҳужжатлар Хоразм вилояти Ички ишлар бошқармаси Янгибозор тумани бўлимига қонуний чора кўриш учун юборилган.
Маълумот учун, “Амударё олтин балиқ” фермер хўжалиги раҳбари А. Ў. бундан олдин ҳам Хоразм миллий табиат боғи ҳудудида ҳуқуқбузарлик содир этган ва суд томонидан тегишли жазога тортилган.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ Тошкент шаҳрида ноқонуний дарахт кесган шахсларга 27 миллион сўм миқдорида жарима солинганди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь