Хоразмда эр хотинини болта билан чопиб ўлдирди  

3-саҳифа

image

Хоразм вилояти Шовот туманида яшовчи эркак хотинини сеҳр-жоду билан шуғулланишда айблаб, болта билан уриб ўлдирди. Унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.  Бу ҳақда QALAMPIR.UZ манбаси хабар берди.

Унга кўра, қотиллик 2023 йилнинг 16 декабрида содир бўлган. 1952 йилда туғилган эр ўз хотинини сеҳр-жоду қилганликда айблаган. Жанжал вақтида эркак хонада турган болта билан аёлга 17 маротаба зарба берган. Аёл воқеа жойида вафот этган.

Қотиллик содир этилганидан сўнг, эркак уйига қамалиб, бир неча бор ўз жонига қасд қилишга уринган. Бироқ ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари уйга кириб, унга биринчи тиббий ёрдам кўрсатишга муваффақ бўлган.

2024 йил 2 апрелида Жиноят ишлари бўйича Шовот тумани судида турмуш ўртоғини ўлдирган эркакка нисбатан суд ҳукми ўқилди.

Маълум бўлишича, айбланувчи шифокорликдан пенсияга чиққан. Унинг турмуш ўртоғи ҳам тиббиёт соҳасида фаолият юритган. Эр-хотиннинг 6 нафар фарзанди бўлган.

“Гумонланувчининг кўрсатмасига кўра, 2023 йилнинг 16 декабрь куни А.Х. ярим тунда уйғониб кетган ва аввалига турмуш ўртоғидан қон босимини туширувчи дори сўраган. Аёл у сўраган дориларни топиб бериб, укол ҳам қилган. Шунда А.Х. сеҳр-жоду қилингани сабаб кечалари ухлай олмаётганини айтиб, жанжал кўтарган. Сўнгра жаҳл устида иситиш печи ёнида турган болтани олиб, хотинининг бош қисмига 17 бор зарба берган. Бунинг оқибатида аёл оғир тан жароҳатлари олиб, воқеа жойида вафот этган”, дейилади суд ҳужжатида.

Суд ҳукмига кўра, А.Х. Жиноят кодексининг 97-моддаси 1-қисмида назарда тутилган (Қасддан одам ўлдириш) жиноятни содир қилганликда айбли деб топилган. Унга нисбатан 10 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган.  Шунингдек, айбланувчи жазони умумий тартибдаги колонияда ўташи белгиланган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Жиззахда эркак 25 ёшли хотинини уриб ўлдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Жиноят Хоразм Шовот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг