Хоразмда 14 ёшли “тунги капалак” ушланди (видео)
3-саҳифа
−
17 Апрель 17363 2 дақиқа
Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида 7-синф ўқувчиси тунги клубда раққосалик қилаётгани аниқланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси хабар берди.
Маълум қилинишича, вилоятда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат органлари томонидан тунги пайтда фаолият олиб борувчи кафе, бар ва ресторанларда назорат-рейд тадбирлари амалга оширилган.
Тадбир давомида тунги клублардан бирининг раҳбари вояга етмаган 7-синф ўқувчиси бўлган 14 ёшли қизни тунги клубда раққосалик билан шуғулланишига йўл қўйиб келаётгани аниқланган.
Ҳолат юзасидан клуб раҳбарига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 188-моддаси (вояга етмаган шахсни ғайриижтимоий хатти-ҳаракатларга жалб қилиш) 2-қисми билан маъмурий баённома расмийлаштирилган ва белгиланган тартибда тушунтириш ишлари олиб борилган.
Қўшимча қилинишича, 14 ёшли қиз тунги клубда ижтимоий хавфли аҳволда қаровсиз ва назоратсиз қолгани аниқланиб, Ички ишлар бошқармасига қарашли бўлган Вояга етмаганларга ижтимоий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш марказига жойлаштирилган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 7 февраль куни Ўзбекистон бўйлаб “Ориат” кенг кўламли тезкор-профилактик тадбирлари ўтказилганди. Тадбир давомида ахлоқ ва соғлиққа қарши қаратилган жиноятларни аниқлаш, ОИВ (ОИТС) ва бошқа турдаги юқумли, тери-таносил касалликларининг тарқалишини олдини олиш мақсадида сауналар, СПА салонлар, массажхоналар, караоке барлар, меҳмонхоналар, хостеллар, тунги клублар ва бошқа жамоат жойларида ҳамкорликдаги тадбирлар олиб борилганди. Унда 340 та объект текширилиб, аҳоли саломатлигига хавф солиши мумкин бўлган 2957 шахс билан тушунтириш ишлари олиб борилганди ва мобил тарзда шифокор кўригидан ўтказилиб, тегишли тиббий хулосалар олинганди.