“Хоразм гуручи” патентланди
Жамият
−
30 июл 1371 1 дақиқа
Адлия вазирлигида “Хоразм гуручи” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Хоразм воҳасида етиштириладиган гуруч ўзининг юқори сифати, хушбўйлиги ва пишириш хусусиятлари билан ажралиб туради. Унинг ўзига хослиги Амударё сувлари, унумдор тупроқлар, қулай иқлим шароити ҳамда авлоддан-авлодга ўтиб келаётган анъанавий етиштириш тажрибаси билан боғлиқ.
“Хоразм гуручи”нинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши маҳсулот номининг ҳуқуқий муҳофазасини таъминлайди, унинг келиб чиқиши ва сифатини ҳимоя қилади, шунингдек, мазкур номдан ноқонуний фойдаланишнинг олдини олишга хизмат қилади.
Шунингдек, мазкур қарор истеъмолчилар учун маҳсулотнинг ҳақиқийлигини кафолатлаш, Хоразм вилоятининг қишлоқ хўжалиги салоҳиятини ошириш, миллий брендни ривожлантириш ҳамда маҳсулотни ички ва ташқи бозорларда кенг тарғиб этишга хизмат қилиши қайд этилган.
Маълумот учун, географик кўрсаткич – маҳсулотнинг маълум бир ҳудудга мансублигини ҳамда унинг сифати, шуҳрати ва ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуднинг табиий-иқлимий ва ижтимоий-маданий омиллари билан чамбарчас боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятига хос бўлган “Қўқон патири” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилган эди.