“Қўқон патири” патентланди

Жамият

image

Адлия вазирлигида Фарғона вилоятига хос бўлган “Қўқон патири” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Қўқон қадимдан ҳунармандчилик, савдо ва миллий пазандачилик ривожланган йирик маданий марказлардан бири ҳисобланади. Ана шундай ноёб гастрономик мерос намуналаридан бири бўлган Қўқон патири ўзининг бетакрор таъми, анъанавий рецепти ва тайёрлаш технологияси билан ажралиб туради.

Мазкур нон тури айнан ўзига хос тайёрлаш усули туфайли бир неча ҳафта давомида ўз сифати ва таъмини сақлаб қолиши билан машҳур.

“Қўқон патири”нинг географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилиши маҳсулот номи ва уни тайёрлашнинг анъанавий технологиясини ҳуқуқий ҳимоя қилиш, сифат стандартларини мустаҳкамлаш ҳамда Фарғона вилоятининг гастрономик брендини халқаро миқёсда кенг тарғиб этишга хизмат қилади”, дейилади хабарда.

Маълумот учун, географик кўрсаткич – маҳсулотнинг маълум бир ҳудудга мансублигини ҳамда унинг сифати, шуҳрати ва ўзига хос хусусиятлари айнан шу ҳудуднинг табиий-иқлимий ва ижтимоий-маданий омиллари билан чамбарчас боғлиқлигини тасдиқловчи интеллектуал мулк объекти.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Фарғона вилоятининг машҳур ширинликларидан бири “Қўқон ҳолваси” географик кўрсаткич сифатида давлат рўйхатидан ўтказилганди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг