Хоразм ҳокимига иккита янги ўринбосар тайинланди
Жамият
−
18 Декабрь 2020
6808Хоразм вилояти ҳокимига туризм ва спортни ривожлантириш масалалари ва қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосарлар тайинланди.
Ботир Озодович Саидов вилоят ҳокимининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Ботир Саидов 1975 йилнинг 13 августида Боғот туманида туғилган. 1997 йил Урганч Давлат университети, 2006 йил Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат ва жамият қурилиши академиясини тамомлаган. Мутахассислиги – агробизнес, бозор иқтисодиёти асослари ва тамойиллари.
Ботир Саидов бугунга қадар Ўзбекистон Республикаси акциядорлик тижорат Халқ банки Активлар мониторинги ва муаммоли активлар билан ишлаш комплекси раҳбари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Шунингдек, Комилжон Эркинович Собиров вилоят ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимига тайинланди.
Тайинловга қадар Комилжон Собиров Сирдарё вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 12-13 декабрь кунлари Хоразмга амалга оширган амалий ташрифидан кейин вилоятдаги Боғот, Хонқа туманлари, Урганч ва Хива шаҳарлари ҳокимлари ўзгарганди.