Хониянинг ўлдирилишига аслида нима сабаб бўлди?
Олам
−
02 Август
13770ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Исмоил Хония жорий йилнинг 31 июль куни Эрон пойтахти Теҳрондаги ўзи истиқомат қилаётган меҳмонхонага яширинча олиб келинган ҳамда ўрнатилган портловчи қурилма ишга тушиши оқибатида ҳалок бўлган. Бу ҳақда Яқин Шарқдаги бир нечта манбалар, жумладан икки нафар эронлик амалдор ва бир америкалик расмийга таяниб “The New York Times” хабар бермоқда.
Теҳрондаги қароргоҳга қилинган ҳужумдан сўнг ҳалок бўлган Хония бир нечта ОАВда ракета ҳужуми уюштирилиши ортидан вафот этгани ёзилган эди. Нашр билан суҳбатда бўлган расмийларга кўра, бомба меҳмонхонага тахминан икки ой олдин яширинча ўрнатилган. Меҳмонхона Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси томонидан бошқарилади ва ҳимоя қилинади ҳамда Теҳрон шимолидаги ҳашаматли маҳаллада жойлашган “Нешат” номи билан машҳур бўлган катта мажмуанинг бир қисмидир.
Президентлик инаугурацияси учун Эрон пойтахтига келган Хониянинг меҳмонхонадаги хонасида эканлиги тасдиқлангач, бомба масофадан туриб портлатилган. Портлаш оқибатида унинг бир нафар тансоқчиси ҳам ҳалок бўлган. Эрон унинг қотиллиги ортида Исроил турганини таъкидлади. Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий ҲАМАС ҳаракати Сиёсий бюроси раҳбари Теҳронда ўлдирилгани учун Исроил қаттиқ жазога тортилишини айтди.
Меҳмонхонада бомба қандай яширилгани номаълумлигича қолмоқда. Яқин Шарқ расмийларининг таъкидлашича, суиқасдни режалаштириш бир неча ой давом этган ва бу бинони кенг қамровли кузатишни талаб қилган. Бинодаги портлашдан сўнг дарҳол хонага етиб келган тиббий гуруҳ Хония шу заҳоти вафот этганини маълум қилган. Газета манбаларига кўра, Хония яшаган хонанинг ён тарафида Фаластин Исломий ҳаракатининг етакчиси Зиёд ан-Нахала жойлашгани, бироқ айнан Хония турган жой портлаши унга қилинган суиқасд азалдан режа қилиб келинганини англатади.
Айни пайтда ҳам Эронда унга уюштирилган суиқасд усули миш-миш ва баҳс мавзуси бўлиб қолмоқда. “Tasnim” ахборот агентлигига бинонинг портлаш ҳолатини сўзлаб берган соқчиларга таянилса, Исмоил Хония ётган хонанинг деразасига ракетага ўхшаш нарса келиб урилган ва ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари ушбу ракета портлашидан вафот этган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҲАМАС сиёсий бюроси раҳбари Теҳронда ўлдирилгани хабар қилинганди. Шундан сўнг, Туркия Хониянинг ўлдирилишини қоралади. Фаластин Президенти Маҳмуд Аббос эса ҲАМАС етакчиси Исмоил Хониянинг ўлдирилишини “қўрқоқлик ва хавфли воқеа” деб атади ва Фаластинни бирдамликка чақирди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь