Хивада 36 ёшли аёл ва унинг чақалоғи туғруқ вақтида вафот этди

Жамият 15887
image
-

Хоразм вилояти Хива шаҳрида жорий йилнинг 3 февраль куни Д.М. Хива туман тиббиёт бирлашмасига қарашли акушерлик комплексида кесарча кесиш амалиёти вақтида вафот этди. Бу ҳақда вилоят прокуратураси хабар қилди.

Маълум қилинишича, шаҳар Ички ишлар бошқармаси навбатчилик қисмига соат 22:03 атрофида “Мевастон” маҳалласи, К.Девоний кўчасида яшовчи 36 ёшли аёл Д.М. кесарча кесиш амалиётида вафот этгани ҳақида хабар берилган. Аниқланишича, Д.М. 2 февраль куни соат 11:40 атрофида Хива тез тиббий бўлимига қарашли акушерлик комплексига 4-ҳомиладорлик, 4-туғиш, ГР-40 ҳафта 6 кун, сохта туғруқ ташхиси билан қабул қилинган.

Таъкидланишича, бемор Д.М.га 3 февраль куни соат 10:30 атрофида туғруқ чақирувчи махсус дори қўлланган. Шундан сўнг, 18:05 атрофида беморда туғруқ фаолияти бошланган, ушбу вақтда унга ҳомиладорлик IV, 40 ҳафта 6 кун, туғруқ IV туғруққача қоғоноқ пардасининг ёрилиши, туғруқнинг биринчи даври ташхиси қўйилган. Мунтазам туғруқ фаолияти бошланганидан сўнг, 20 дақиқа ўтгач беморнинг аҳволи кескин оғирлашган. Бутун баданида оғриқ бўлаётганлиги, ҳаво етишмаслиги, кўз олди хиралашганлигидан шикоят қилган.

Аниқланишича, аёл карахт аҳволда саволларга аниқ жавоб бермаган, пулси 1 дақиқада 110 зарба, артериал қон босими 80/40 миллиметр симоб устунига тенг бўлган, бачадон тонуси ошган, ҳомилада юрак уриши аниқланмаган. Шу куни соат 19:10 да бемор Д.М.да кесарча кесиш амалиёти бошланган, соат 19:13 да ўғил жинсли чақалоқ ўлик ҳолда олинган.

Чақалоқнинг вазни 4 килограмм 180 грамм, узунлиги 53 сантиметр бўлган. Шундан сўнг соат 19:25 да беморда клиник ўлим содир бўлгани сабабли кесарча кесиш амалиёти вақтинча тўхтатилган ва 20:40 да амалиёт қайта давом эттирилган.

Беморга юритилган 428/51-сонли тиббий баёнга кўра, Д.М.да соат 22:40 да биологик ўлим қайд этилган. Ўлимдан кейинги ташхисда бачадон экстирпациясидан кейинги ҳолат, юрак-қон томир етишмовчилиги II, III даражаси, қон айланишининг бузилиши II, III даражаси қайд этилган.

Бундан ташқари, ҳолат юзасидан суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Хоразм филиали томонидан суд-тиббий ва комиссиявий суд-тиббий экспертизалари ўтказилган. Унда 5-сонли суд-тиббий экспертиза хулосасига кўра, Д.М. ўлимига бачадон бўйин орқа девори йиртилиши, кесарча кесиш амалиётидан кейинги ҳолат, бачадондан қон кетиши (постгеморагик шок) оқибатидаги ўткир юрак ва қон томир етишмовчилиги сабаб бўлган.

Ушбу ўлим сабаби суд-тиббий экспертизаси илмий-амалий маркази Хоразм филиалининг 2021 йил 2 мартдаги 108-сонли комиссиявий суд-тиббий экспертиза хулосаси билан ўз тасдиғини топган.

Аввалроқ, Тошкентдаги туғуруқхоналарнинг 14 нафар мансабдорлари чақалоқларни рўйхатдан ўтказмагани учун жаримага тортилгани ҳақида хабар берган эдик.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 698
Рейтинг: 3
Теглар
t
×