Ичим зил кетган. Бир тарсаки туширсалар яхши бўларди – Алламжонов онасининг оғир гапини эслади
Жамият
−
28 Февраль 2021
18353Бугун, 28 февраль куни “Humo Arena” муз саройида “Заковат” телеўйинининг Тошкент шаҳри ҳамда Тошкент вилояти учун интеллектуал кастинги ўтказилди.
Унда “Заковат”да иштирок этиш учун рўйхатдан ўтган минглаб билимдонлар ва лойиҳани оталиғига олган Миллий масс-медиани ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов ва унинг ўринбосари Саида Мирзиёева иштирок этди, деб хабар бермоқда QALAMPIR.UZ мухбири.
Тадбирни Миллий масс-медиани ривожлантириш жамоат фонди раиси Комил Алламжонов нутқи билан очиб берди. У ўз нутқини, афсуски, ҳамон ўз долзарблигини йўқотмаган жадид намоёндаси Мунавварқори Абдурашидхоновнинг қуйидаги сўзлари билан бошлади.
“Бугунгача Оврупо халқи осмонға учар экан, бизда соч ва соқол низолари, овруполилар денгиз остида сузар экан, бизда узун ва қисқа кийим жанжаллари, Оврупо шаҳарлари бутун электрик билан иситилур ва ёритилур экан, бизда мактабларда жўғрофия ва табиёт ўқитиш, ўқитмаслик ихтилофлари давом этади”.
“Бу гаплар 1923 йили, яъни бундан юз йил олдин миллатимиз жадидларидан Мунавварқори Абдурашидхонов томонидан “Туркистон” газетасида айтилган экан.
Яқинда бир пост ёзгандим, орангизда балки уни ўқиганлар ҳам бордир. Хуллас, унинг мазмун маьноси шундай эди: Бирлашган Араб Амирликлари тадқиқот ўтказиш учун космик аппаратларини Марсга учириб мақтанаётган бир пайтда биз асосан икир-чикир, майда-чуйда масалалар ёки иғво-ғийбатлар билан оворамиз.
Бу пост анча баҳс-мунозарага сабаб бўлди. Мингдан ортиқ изоҳлар қолдирилди. Улар орасида Мунавварқорининг ҳозиргина айтилган сўзларига кўзим тушиб, ҳайрон бўлдим.
Қаранг, орадан 100 йил ўтса ҳам, ҳолатимиз ўша-ўша экан. Тузум ўзгарган, сиёсат ўзгарган, давр ўзгарган, бизнинг дунёқарашимиз эса ҳали ҳам ўша-ўша.
Нега, деган савол туғилади. Нега ўзимизда бундай янгиликлар деярли йўқ? Нега илм-фандаги инқилобий ўзгаришларни фақат телевизорда томоша қилишимиз ёки интернетда ўқишимиз керак?”, дейди Комил Алламжонов ёшларга юзланиб.
У сўзида давом этиб, Ўзбекистон бугун ўтмишдаги буюк аждодлари билан фахрланиб юришини, уларга муносиб авлод бўлиш кераклигини айтса ҳам аммо ҳозирги авлод айтарли ютуққа эриша олмаётганини ачиниш билан айтиб ўтди. Шунингдек, ўзининг баъзи фикрлари айрим доираларда танқидга учраганини ҳам эслади.
“Биз ўтмишдаги улуғ аждодларимиз билан фахрланамиз. Суратларини деворга илиб, ғурур билан “шуларнинг давомчиларимиз”, деймиз. Ўзимизга келганда, келажагимиз буюк бўлишига ишонамиз. Аммо бугун қўлимизда на бир арзигулик кашфиёт, на оламшумул лойиҳа бор.
Хадеб ўтмишдаги алломалар билан қуруқ фахрланиб юравермай, шеърхонлик ва ғазалхонликдан ташқари табиий фанлар, лабораториялар, олимларнинг тадқиқотлари ва кашфиётларини, умуман илмни трендга чиқариш кераклиги ҳақидаги фикрларим кимгадир ёқди, кимгадир ёқмади.
Лекин фикрим қатъий! Ҳар биримиз бугун дунёқарашимизни кенгайтирмас эканмиз, ўз-ўзимизга қўйган чегараларни олиб ташламас эканмиз, муаммога дуч келганда дарров ҳафсаламиз пир бўлаверса, фақат кимдандир, нимадир кутиб яшайверсак ва қуруқ гаплардан амалий ишларга ўтмасак, кейинги 100 йилда ҳам косамиз оқармаслиги аниқ”, деди у қатъийлик билан.
Шундан сўнг, у ўзининг ёшлиги, оиласи, ҳаёт йўлида дуч келган қийинчиликлари, бизнеси касод бўлгани ва қандай қилиб бу даражага етишгани ҳақида сўзлаб берди.
“Мен, қорақамишлик, 90-йилларнинг боласиман. Адамлар оддий автослесарь, ойим 3-туғруқхонада ҳамшира бўлиб ишлаганлар. Мактабда ўртача ўқиганман. Шўхроқ бўлганман. Лицейимиз директори доим “сени мактабдан ҳайдайман”, деб пўписа қиларди. Аммо онам мени олий маълумотли, зиёли одам бўлишимни орзу қилардилар. Бувим эса доим: “Шу болам “министр” бўлади”, дердилар. Лекин бу гапга ҳеч ким ишонмасди. Чунки аксарият одамларимиз ишчи ёки оддий деҳқон оиласининг боласида бундай имконият йўқ деб ҳисоблайди. Мен эса ҳеч қачон, ҳеч қандай вазиятда, ҳатто институтдан ҳайдалганимда ҳам таслим бўлмаганман! Ўшанда ойим: “Ох, болам-а! Майли сиқилма, “рабочий”ни боласи “рабочий” бўларканде”, деганларида, ичим зил кетган. Ундан кўра бир тарсаки туширсалар яхши бўларди.
Телевидениедан арзимаган лавҳани деб ҳайдашганда ҳам, бизнесим касод бўлиб, ақлга сиғмайдиган даражада зарар кўрганимда ҳам, обрўим, шаънимни ер билан яксон қилишмоқчи бўлганида ҳам енгилмаганман! Фақат яхши ният ва тинимсиз ҳаракат ва, асосийси, Аллоҳга таваккал қилиш билангина ўйлаган натижаларимга эришиб келяпман”, дейди Комил Алламжонов.
Боланинг шаклланишида оилавий муҳит, ота-онанинг ўрни, таъсири жуда катта. Алламжонов ҳам шу масалага тўхталиб, ўзбек халқи менталитетидаги замонга унчалик ҳам тўғри келмайдиган баъзи хусусиятларни қоралади.
“Ўқиб, шаҳар оберармидинг?, “Поддержка” қиладиган кимимиз бор, нимангга ишоняпсан?”, “Ҳадеб китоб титгандан кўра, бор мол-ҳолга қарасангчи”, деган гапларни кўп оилаларда эшитамиз. Балки ўзимизга ҳам айтилгандир бундай гаплар. Шунақа гапларни эшитган бола қадди букик, бўйни эгик, ҳаётдан ҳафсаласи пир бўлиб вояга етиши аниқ!
Ўзига ишончи бўлмаган, бировга қарам миллат ана шундай шаклланади!
Биз қандай мақсадлар билан, нима учун яшаймиз ўзи, деган саволга жавоб ҳар доимгидек ўша-ўша: “участка” қуриш, “иномарка” миниш, қарзга ботиб бўлса ҳам, дабдабали тўй қилиш... Уёғига – чойхонабозлик. Ҳаётимиз мазмуни – шу”, дейди Алламжонов куйинчаклик билан.
У Ўзбекистонда яқин тарихда ҳам катта ютуқларга эришилганини ёдга олиб, XX асрдаги порлоқ ихтироларни санади. Шу билан бирга, ҳозирда Ўзбекистон ривожланишда ортда қолганини, аммо ҳали ҳам бўлса, ҳаракат қилиш кераклигини таъкидлади.
“Биз илм-фан соҳасида катта ютуқларга эришган даврлар ҳам бўлган.
Биринчи телевизион сигнал 1928 йили дунёда илк бор бизда синовдан ўтказилган. Сунъий йўлдошларга ўрнатиладиган қора қути ҳам, Ой ҳамда Венерага учирилган космик кемаларнинг тупроқни бурғулаш мосламалари ҳам Тошкентда ишлаб чиқарилган.
Дунёнинг 86-космонавти Жонибеков ҳам бугунги Бўстонлиқ тумани Искандар қишлоғининг оддий оиласида туғилган. У 5 маротаба космик кема командири сифатида учиб, рекорд ўрнатган.
Бу каби воқеалар ўз вақтида умумжаҳон миқёсидаги ютуқларимиз бўлган. Айтмоқчи бўлган гапим шуки, бугун олдингизда имконият эшиклари яна ланг очилди! Улардан самарали фойдаланайлик.
Аслида ўзи, бугун шундоқ ҳам кечга қолиб бўлдик, эртага эса янада кеч бўлади. Вақт бизга қарши ишлаяпти. Лекин ҳечдан кўра, кеч бўлса ҳам, зудлик билан олдинга қадам қўяйлик.
Мен клубимизнинг ҳар бир аъзосини оламга кенг қарашга, улкан мақсадлар қўйиб, улар сари интилишга, ўз устида ишлашга, орзуларини чекламасликка, ҳеч қачон таслим бўлмасликка ва ҳеч кимга, илм йўлидаги шаҳдингизни сўндирмоқчи бўлган ҳеч кимга қулоқ солмасликка чақираман!
Ҳар биримиз майдонда якка-ёлғиз қолгандан кўра, билим атрофида жипслашсак, бирга бўлсак, катта натижаларга эришамиз!”, дея сўзини якунлади Алламжонов.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь