Хитойда гуманоид робот 106 км пиёда юриб Гиннесга кирди (видео)

Технология

image

Хитойда гуманоид робот 3 кунда 66 миль (106 км) пиёда юриб, Гиннес рекордлар китобига кирди. Бу гуманоид машина томонидан босиб ўтилган энг узун масофа сифатида қайд этилди. Бу ҳақда CBS News хабар берди.

Қайд этилишича, тахминан 1,68 метр бўйга эга бўлган AgiBot A2 роботи 2025 йилнинг 10 ноябрь куни кечаси Шарқий Хитойдаги Сужжо шаҳридан йўлга чиқиб, автомобиль йўллари ва шаҳар кўчалари орқали ўтиб, 13 ноябрь куни Шанхайнинг тарихий Бунд соҳил ҳудудига етиб келган. Шанхайда жойлашган AgiBot компанияси роботнинг икки оёқли юрувчиси ҳар хил йўл қопламаларида ҳаракат қилгани, барча йўл ҳаракати қоидаларига амал қилганини маълум қилди.

AgiBot томонидан эълон қилинган видеоларда роботнинг кумуш-қора рангли A2 модели велосипедчилар ва скутер ҳайдовчилари ёнидан ўтиб, йўл бўйлаб аста юраётгани, сўнг Шанхай манзараси бўйлаб тезроқ юришни бошлагани акс этган.

Дунёнинг йирик технология компаниялари физик AI соҳасига катта миқдорда маблағ йўналтирмоқда. Morgan Stanley прогнозига кўра, 2050 йилга бориб дунёда бир миллиарддан ортиқ гуманоид робот бўлиши мумкин.

Хитой ҳукумати робототехника саноатида етакчи бўлиш мақсадида маҳаллий компанияларни гуманоид роботлар яратишга фаол рағбатлантирмоқда.

Август ойида Пекинда илк бор гуманоид роботлар ўртасида ўтказилган ўйинлар бўлиб ўтди ва унда 500 дан ортиқ “спортчи” баскетболдан тортиб рақобатли тозалашгача бўлган йўналишларда беллашди.

AgiBot компанияси A2 модели мижозларга хизмат кўрсатиш учун ишлаб чиқилганини, у суҳбатлашиш функцияси ва лаб ҳаракатларини ўқиш имкониятига эга эканини билдирган.

Йил бошида CBS Mornings Massachusets технология институти (MIT) муҳандислари билан суҳбатлашди. Улар АҚШнинг робототехника бўйича глобал пойгада ортда қолмаслик учун қилинаётган ишлар ҳақида гапирди.

“Мен AI ва роботларни инсонларга супер куч берувчи восита сифатида тасаввур қиламан. AI ёрдамида биз когнитив супер кучларга эга бўламиз… Жисмоний томондан эса машиналар ёрдамида имкониятларимизни кенгайтирамиз, аниқлигимизни ошириб, кучимиз­ни кўпайтиришимиз мумкин”, деди MITнинг Компьютер фанлари ва сунъий интеллект лабораторияси раҳбари профессор Даниэла Рус.

CBS Mornings Gartner тадқиқот компанияси прогнозига ҳам тўхталиб, 2030 йилга бориб америкаликларнинг 80 фоизи ҳар куни автоном, сунъий интеллект бошқарувидаги роботлар билан муайян шаклда ўзаро алоқада бўлишини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Германияда роботлар овқат пиширадиган ошхона ишга тушганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Хитой гуманоид робот

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг