Пелоси эртага Тайванга бориши айтилмоқда. Хитой уни замбараклари билан кутяпти
Олам
−
01 Август 2022
13369АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси эртага, 2 август куни Тайванга бориши мумкин. Бу ҳақда Тайваннинг “China Times” нашри дипломатик манбаларга таяниб хабар берди.
Нашр маълумотларига кўра, Пелоси 3 август куни орол маъмурияти раҳбари Цай Инвэнь ва бошқа юқори мартабали амалдорлар билан учрашади ҳамда ўша куни кун ярмида оролни тарк этади.
Тайвань ТИВ ва маъмурият раҳбари девони бу хабарни расман тасдиқламаган.
Қайд этиш керакки, Пелосининг Тайванга борса, у оролга сўнгги 25 йилда ташриф буюрган энг юқори мартабали америкалик амалдор бўлади.
Вашингтон ва Пекин муносабатларидаги Тайвань масаласи Украинадаги вазият фонида алоҳида аҳамият касб эта бошлади. Хитой тарихий ва сиёсий сабабларга кўра Қўшма Штатлардан унинг ички ишларига аралашмасликни талаб қилмоқда. Вашингтон “ягона Хитой тамойили”га расман риоя қилиб, Тайпей билан дипломатик алоқаларга эга эмас. Бироқ шунга қарамай нафақат орол билан алоқаларни сақлаб қолган, балки у ерга мунтазам равишда қурол етказиб беради.
Эслатиб ўтамиз, АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелосининг Осиёга сафари чоғида Хитой ўз ҳудуди деб ҳисобловчи Тайванга ҳам бориши мумкинлиги Пекин ва Вашингтон ўртасидаги муносабатларнинг яна кескинлашишига сабаб бўляпти. Хитой томони бундай ҳаракатлардан тийилишга чақириб, огоҳлантириш билан чиқди.
Пелоси Осиё турнеси давомида Малайзия, Сингапур, Корея ва Японияга бориши режалаштирилган. Сафар апрель ойида амалга оширилиши керак эди. Бироқ палата спикери коронавирусга чалингач, сафар кечиктирилди.
Хитой Пелосининг Тайванга бориши муносабатларга жиддий путур етказиши ҳақида бир неча марта огоҳлантирди. Ҳатто унинг самолётини уриб тушриши мумкинлигини кўрсатиш учун Тайваньга энг яқин вилоятида ҳақиқий ўқлардан фойдаланган ҳолда машғулот бошлади. Ҳатто вилоятга ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ҳам жойлаштирилди.
Тайвань 1949 йилда Чан Кайши (1887-1975) бошчилигидаги Гоминдан қўшинларининг қолдиқлари Хитой фуқаролар урушида мағлубиятга учрагач, оролга қочиб кетганидан бери ўз маъмурияти томонидан бошқарилади. Ўшандан бери Тайвань коммунистлар ҳокимиятга келишидан олдин материкда мавжуд бўлган собиқ Хитой Республикаси байроғи ва бошқа атрибутларини сақлаб қолган.
Қўшма Штатлар 1979 йилда Тайвань билан дипломатик алоқаларни узиб, уларни ХХР билан ўрнатган. Вашингтон “ягона Хитой” сиёсатини тан олиш билан бирга, айни пайтда Тайбэй маъмурияти билан алоқаларни давом эттирмоқда ва оролга қурол етказиб бермоқда. 2020 йилда АҚШнинг аввалги Президенти Дональд Трамп маъмурияти Гонконгдаги вазият туфайли Пекин билан муносабатларнинг кескинлашуви фонида Тайвань билан алоқа ва алмашинувларни сезиларли даражада фаоллаштирди, бу эса ХХР расмийларининг норозилигига сабаб бўлди.
АҚШ Тайваннинг асосий қурол етказиб берувчисидир. Жорий йилнинг апрель ойида Давлат департаменти Patriot зенит-ракета тизимларига хизмат кўрсатиш бўйича 95 миллион долларлик шартномани маъқуллади.
LiveБарчаси