Пелоси Арманистонда: АҚШ амалдори озар-арман чегарасидаги кескинликда Бакуни айблади
Олам
−
19 Сентябрь 2022
5825АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Озарбайжон ва Арманистон чегарасидаги қуролли тўқнашувларда расмий Бакуни айблади. Бу ҳақда у кеча, 18 сентябрь куни Ереванда Арманистон парламенти раиси Ален Симонян билан учрашувда айтиб ўтди.
“АҚШ Конгресси номидан биз Озарбайжон томонининг Арманистон суверен ҳудуди ва чегараларига қилган қонли ҳужумларини кескин қоралаймиз”, дейди у.
Пелоси ва Симонян учрашувини Арманистон оммавий ахборот воситалари эфирга узатган.
Пелоси шунингдек, АҚШ учун Арманистон суверенитети ва ҳудудий яхлитлиги муҳим эканини таъкидлаган. У Озарбайжонни Қорабоғ аҳолисига қарши ҳаракатларда ва тарихий обидаларга зарар етказишда айблаган ҳамда бу АҚШнинг диққат марказида эканини қўшимча қилган.
Унинг сўзларига кўра, Қўшма Штатлар Арманистонни қўллаб-қувватлаш ниятида, хусусан, Ереваннинг мудофаа соҳасидаги “эҳтиёжларини эшитишга” тайёр.
“Биз бу ерга Арманистон раҳбарияти билан нима қилишимиз мумкинлиги ҳақида гаплашиш учун келдик. Биз Арманистоннинг мудофаа соҳасидаги ҳамкорлик бўйича эҳтиёжларини ҳам эшитамиз”, дейди АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери.
Маълумот учун, Пелоси 17 сентябрь куни Арманистонга етиб келди ва бугун, 19 сентябрь куни қайтиб кетади. АҚШнинг Арманистондаги элчихонаси маълумотларига кўра, ташриф чоғида у Арманистон Бош вазири Никол Пашинян, Миллий ассамблея спикери Ален Симонян ва бошқа нуфузли шахслар билан учрашишни режалаштирганди.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 13 сентябрига ўтар кечаси Арманистон Мудофаа вазирлиги Озарбайжон Қуролли кучлари мамлакатнинг аҳоли пунктларини ўққа тутганини маълум қилди. Бакунинг қайд этишича, бу Ереваннинг "провокациялари"га жавобдир. Кейинроқ Озарбайжон ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувларга эришгани ҳақида хабар берди, бироқ Арманистон ўқ узиш давом этаётганига ишора қилмоқда.
Тўқнашувларда аввалига Озарбайжон томонидан 77 нафар, Арманистондан 105 нафар ҳарбий ҳалок бўлгани айтилди.
Арманистон Хавфсизлик Кенгаши фавқулодда йиғилиш ўтказди, унда Дўстлик, ҳамкорлик ва ўзаро ёрдам тўғрисидаги шартнома, шунингдек, КХШТ ва БМТ Хавфсизлик Кенгаши қоидаларидан фойдаланиш учун Россиядан ёрдам сўрашга қарор қилинди.
LiveБарчаси