Туркия Пелосини Жанубий Кавказдаги вазиятни саботаж қилишда айблади
Олам
−
20 Сентябрь 2022
5397АҚШ Вакиллар Палатаси спикери Нэнси Пелосининг Жанубий Кавказдаги вазият юзасидан билдираётган баёноти минтақадаги дипломатик саъй-ҳаракатларни саботаж қилмоқда. Бу ҳақда Туркия Республикаси вице-президенти Фуат Ўктай ўзининг Twitter’даги саҳифасида ёзган.
Ўктай Нэнси Пелосининг сўзлари тарихий фактлар билан бир қаторда бугунги кун ҳақиқатларига ҳам алоқаси йўқлигини таъкидлаган.
“АҚШ Вакиллар палатаси спикерининг баёнотлари ҳам хайрихоҳлик ва холислик тушунчаларидан йироқ. Бу қабул қилиб бўлмайдиган баёнотлар минтақадаги дипломатик саъй-ҳаракатларни саботаж қилмоқда”, дейди вице-президент.
Унинг таъкидлашича, АҚШ маъмурияти Пелоси ва унга ҳамроҳлик қилаётган бир қатор арманпараст сиёсатчиларнинг баёнотлари Вашингтоннинг Қорабоғ масаласидаги расмий позициясини акс эттирадими ё йўқми, буни аниқ айтиши керак.
“Жанубий Кавказ ҳар қачонгидан ҳам тинчлик ва барқарорликка муҳтож бўлган бир пайтда мен халқаро ўйинчиларни ўта мулоҳазали ва адолатли, энг аввало, масъулият билан ҳаракат қилишга чақираман”, деб ёзди Туркия вице-президенти.
У сўзи якунида Туркия 30 йиллик адолатсизлик ва ноқонуний ишғолдан тарихий заминларни қаҳрамонона курашда озод қилган қардош Озарбайжонни бундан кейин ҳам қўллаб-қувватлашини таъкидлаган.
Нэнси Пелосининг Арманистонга ташрифи
18 сентябрь куни АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Нэнси Пелоси Арманистонга келди. У ташрифи чоғида Озарбайжоннинг Арманистон билан чегарадош ҳудудига ноқонуний ва ҳалокатли ҳужумларини қоралашини маълум қилди. Ўз навбатида, Баку ушбу баёнотни Озарбайжонга қарши асоссиз ва ноҳақ айблов сифатида баҳолаб, айбловларни “куракда турмайдиган”, деб атади.
Шу куни Ереванда бир неча юзлаб киши Арманистоннинг КХШТдан чиқишини талаб қилиб, норозилик намойиши ўтказди. Намойишчиларга кўра, ташкилот Озарбайжон томонидан Арманистонга қарши ҳужумларнинг олдини олиш учун ҳеч қандай чора кўрмаган.
Қорабоғ уруши
Озарбайжон ва Арманистон 2020 йил айнан Қорабоғ ҳудуди масаласида ўзаро ҳисоб-китоб қилиб олди. Иккинчи Қорабоғ уруши ёки “Ватан муҳорабаси” номи билан тарихга кирган ҳарбий тўқнашувлар 2020 йилнинг 27 сентябрь куни бошланиб, 44 кун давом этди. 2020 йилнинг 9 ноябридан 10 ноябрга ўтар кечаси “Тоғли Қорабоғда ўт очишни тўхтатиш ҳақида”ги баёнот имзоланди. Уруш якунларига кўра, Туркия қўлловидаги Озарбайжон ғалаба қилди. Россиянинг ёрдамига умид қилган Арманистон эса мағлубиятга юз тутди.
Ҳарбий салоҳияти бўйича дунёда 11-ўринда турувчи Туркия Қорабоғ урушида фаол тарзда Озарбайжонни ҳам руҳий, ҳам сиёсий, ҳам ҳарбий жиҳатдан қўллади. Аслида, Туркия Биринчи Қорабоғ урушидан бери Озарбайжонни қўллаб келади. 2010 йилда икки давлат ҳарбий ҳамкорлик борасида стратегик шерикликка эришгач, ушбу қўллов амалий кўриниш касб эта бошлади. Шундан сўнг, Туркия Озарбайжон Қуролли Кучлари учун зобитлар тайёрлаб, ушбу давлатга қурол экспорт қилиш бўйича Россия ва Исроилдан сўнг учинчи ўринга чиқди. Айниқса, ўтган 2020 йилда қурол экспорти 6 баробарга ортиб кетди. Тоғли Қорабоғдаги тўқнашувлар олдидан эса бу икки давлат ўзаро ҳарбий дала ўқув машғулотларини ўтказди. Машғулотлар якунида Туркия Озарбайжонда 2 та F-16 қирувчи самолётини ҳам қолдиргани айтилади. Туркияда ишлаб чиқарилган “Bayraktar” учувчисиз ҳарбий аппаратларининг ҳам Озарбайжон ғалабасини таъминлашдаги ўрни юқори бўлди.
44 кунлик уруш якунларига кўра, Озарбайжон армияси мамлакатнинг 5 шаҳри, 4 та посёлка ва 286 та қишлоғини арман босқинчиларидан озод қилди. Озарбайжон Қуролли Кучларининг 2, 9 мингдан ортиқ ҳарбий хизматчиси ўз она юртларини озод қилиш учун курашда ҳалок бўлди
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15