Хитой фуқаролари турист ниқоби остида АҚШ ҳарбий объектларига кирган – WSJ
Олам
−
04 Сентябрь 2023
8594Сўнгги йилларда Хитой фуқаролари адашган сайёҳлар ниқоби остида Америка Қўшма Штатларидаги ҳарбий ва бошқа махфий объектлар ҳудудига қайта-қайта кириб келган. АҚШ расмийлари бу воқеаларни жосуслик деб ҳисоблайди. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.
Айтилишича, сўнгги йилларда, одатда, машҳур сайёҳлик йўналишлари ва йирик аэропортлардан узоқда, қишлоқ жойларида 100 га яқин бундай ҳолатлар кузатилган. Расмийларга кўра, жосусликнинг бу шакли АҚШ объектлари хавфсизлик тизимларини синаб кўриш учун мўлжалланган.
“Хитойнинг афзаллиги шундаки, улар маълумот тўплаш учун кўп сонли одамларни юборишга тайёр. Агар улардан баъзилари қўлга олинса, АҚШ ҳукумати учун ноқонуний киришдан бошқа нарсани исботлаш жуда қийин бўлади ва қўлга олинмаганлар, албатта, фойдали нарсаларни ўрганади”, дейди Вашингтонда жойлашган Стратегик ва халқаро тадқиқотлар марказининг катта илмий ходими Эмили Ҳардинг.
Ҳодисалар АҚШ қонун чиқарувчиларини жиддий ташвишга солмоқда. Вакиллар палатасининг разведка қўмитаси аъзоси Жейсон Кроуга кўра, Конгресс тегишли қонунларни қабул қилишни кўриб чиқиши мумкин, чунки бундай ҳолатларнинг кўпчилиги федерал даражада эмас, балки маҳаллий даражада кўриб чиқилгани сабабли эътиборга олинмайди.
Хитойнинг АҚШдаги элчихонаси эса жосуслик ҳақидаги айбловларни “ёмон ниятли фантастика” деб атаган.
“Биз АҚШнинг тегишли расмийларини совуқ уруш менталитетидан воз кечишга, асоссиз айбловларни тўхтатишга ва икки давлат ўртасида ишонч ва икки халқ ўртасида дўстликни мустаҳкамлашга ҳаракат қилишга чақирамиз”, дейди Хитой элчихонаси матбуот котиби Лю Пэнью.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг февраль ойида АҚШ осмонида Хитойга тегишли ҳаво шари аниқланган ва у Америка ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти томонидан уриб туширилганди. Америкаликлар уни Хитой ҳарбий кузатув дастурининг бир қисми экани, сўнгги йилларда бешта қитъада камида йигирмата миссияни амалга оширганини маълум қилди. Бироқ Хитой бундай айбловларни рад этиб, ҳаво шари шамол туфайли йўналишини ўзгартирган фуқаролик тадқиқот кемаси эканини даъво қилди. Шу машмашалар фонида Япония ҳам 2019-2021 йиллар оралиғида Хитойнинг учта айғоқчи шарлари ўз ҳаво ҳудудига кирганлигидан қатъий шубҳаланаётганини билдирган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь