Япония ҳам ўз ҳаво ҳудудига Хитойнинг “жосус шарлари” кирганини айтмоқда
Олам
−
15 Февраль 2023
5827Япония кеча, 14 февраль куни 2019-2021 йиллар оралиғида Хитойнинг учта айғоқчи шарлари ўз ҳаво ҳудудига кирганлигидан қатъий шубҳаланаётганини айтди. Бу ҳақда CNN хабар берди.
Қайд этилишича, Япония Мудофаа вазирлиги 2019 йилнинг ноябридан 2021 йилнинг сентябригача учта “балон шаклидаги учувчи жисм” аниқланганини ва булар Хитой томонидан учирилган учувчисиз разведка самолётлари деб тахмин қилинишини маълум қилган. Вазирлик Хитой ҳукуматидан дипломатик каналлар орқали ушбу масала бўйича фактларни тасдиқлашни сўраганини ва бунинг бошқа такрорланмаслигини қатъий талаб қилганини айтган.
Бироқ расмий Пекин бугун, 15 февраль куни Токионинг айбловларини рад этган. Хитой Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Ванг Венбин навбатдаги матбуот брифингида Япониянинг даъволари шу ой бошида Хитой ҳаво шарининг Америка Қўшма Штатлари устидан учиб ўтиши ортидан пайдо бўлганини айтган. У Токиони янги айбловлари билан Вашингтон билан қадам ташлашда айблаган.
“Биз Япония томонининг Хитойга қарши туҳмат кампаниясига қатъий қаршимиз. Япония холис позицияни қўллаб-қувватлаши ва қасддан спекуляция қилиш орқали АҚШга эргашишни тўхтатиши керак”, деган Ванг Венбин.
Япония Мудофаа вазирлиги эса мамлакат ҳаво ҳудудига рухсатисиз кирган ҳар қандай шарларни йиғиши ва кузатувга олишини билдирган. Шунингдек, Япония мудофаа вазири Ясуказу Ҳамада Ҳаво мудофаси кучлари самолётлари рухсат этилмаган шарларни уриб туширга тайёрлигини айтган.
“Фуқароларнинг ҳаёти ва мол-мулкини ҳимоя қилиш учун зарур бўлган ҳолларда керакли чоралар кўрилиши мумкин”, деган вазир Ҳамада.
Эслатиб ўтамиз, олдинроқ АҚШ ҳарбий-ҳаво кучлари самолёти томонидан Каролина яқинидаги Шарқий соҳилда Хитойга тегишли ҳаво шари уриб туширилган ва америкаликлар уни Хитой ҳарбий кузатув дастурининг бир қисми экани, сўнгги йилларда бешта қитъада камида йигирмата миссияни амалга оширганини маълум қилган эди. Бироқ, Хитой бундай айбловларни рад этиб, ҳаво шарини шамол туфайли йўналишини ўзгартирган фуқаролик тадқиқот кемаси эканини даъво қилганди.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси