Пентагон Хитойни разведка шари учирганликда гумон қилмоқда (видео)
Олам
−
03 Февраль 2023
7117АҚШ ҳарбийлари мамлакатнинг шимолий ҳудудлари устида Хитойга тегишли деб ҳисобланаётган разведка шарини топди. Бу ҳақда Пентагон матбуот котиби Патрик Райдерга таяниб, CNBC телеканали хабар берди.
Қайд этилишича, шар жорий йилнинг 1 февралида Монтана штатининг Биллингс шаҳри устида кўринган. Уни Алеут оролларидан учиб келган деб тахмин қилишмоқда. Мудофаа вазирлиги маълумотига кўра, ҳаво шари ҳали ҳам АҚШ ҳудудида, бироқ унинг аниқ қаерда эканлиги номаълум.
“Биз уни диққат билан кузатишда давом этамиз. АҚШ ҳукумати зудлик билан махфий маълумотларни ҳимоялаш чораларини кўрди”, деди Пентагон матбуот котиби Патрик Райдер.
Шунингдек, Пентагон раҳбари Ллойд Остин бир қатор юқори мартабали амалдорлар, жумладан, штаб бошлиқлари бирлашган қўмитаси раиси Марк Милли, Шимолий Америка Аерокосмик мудофаа қўмондонлиги ва АҚШ Шимолий қўмондонлиги раҳбари Глен Ванхеркелар билан учрашган. Улар “Хитой шари”нинг эҳтимолий таҳдидини муҳокама қилиб, вайроналар одамлар учун хавф туғдириши мумкинлиги сабабли уни уриб туширмасликка қарор қилишди. Вазият ҳақида Президент Жо Байденга хабар берилган.
Пентагон вакилининг сўзларига кўра, ҳаво шари разведка маълумотларини йиғиш нуқтаи назаридан қўшимча хавф туғдирмайди. Бунга қарамасдан расмийлар хорижий разведка томонидан махфий маълумотлар тўпланишидан ҳимояланиш учун зарур чораларни кўрган. Шунингдек, у АҚШ Хитой ҳукумати билан бир неча каналлар орқали боғланганини айтган. Бироқ Пекин шарнинг Хитойга тегишли эканлигини тан олганми ёки йўқми, бунга аниқлик киритилмаган.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси