Хитой АҚШ билан дипломатик алоқаларни тикламоқчи эмас – Politico

Олам

image

Расмий Пекин Вашингтон билан дипломатик алоқаларни қайта жонлантириш кайфиятида эмас. Шунинг учун ҳам АҚШ Давлат котиби Энтони Блинкеннинг Хитойга ташрифининг янги санасини белгилаш масаласи ҳалигача очиқ қолмоқда. Бу ҳақда “Politico” газетаси манбаларига таяниб хабар берди.

Қайд этилишича, АҚШ Президенти Жо Байден маъмурияти Блинкеннинг февраль ойида Хитойга режалаштирилган ташрифи бекор қилинганидан бери юқори даражадаги музокараларни қайта бошлашга ҳаракат қилмоқда. Вашингтон ушбу сафар ва АҚШнинг бошқа юқори мартабали амалдорлари ташрифи учун янги сана белгиламоқчи, шунингдек, Байден ва Хитой раҳбари Си Цзиньпин ўртасида телефон суҳбатини ташкил қилмоқчи. Бироқ Пекин Вашингтоннинг барча саъй-ҳаракатларини рад этмоқда.

Манбага кўра, Хитойнинг Қўшма Штатлар билан тўлиқ ҳамкорлик қилишга тайёр бўлиши бугун, 5 апрель куни Калифорнияда АҚШ Конгресси Вакиллар палатаси спикери Кевин Маккарти ва Тайвань маъмурияти вакили Цай Ингвен ўртасидаги учрашув қандай ўтказилишига боғлиқ бўлиши мумкин.

Хитойнинг доимий юқори даражадаги алоқаларни сақлаб қолишни истамаслигига икки мамлакат ўртасидаги сўнгги ойларда янада ёмонлашган ўта кескин муносабатлар сабаб бўлмоқда. Икки томонлама мураккаблашиб бораётган муносабатларни нормаллаштириш истаги ҳозир Вашингтоннинг бир томонлама уринишларига айланиб бормоқда.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг январь ойи охирида АҚШ осмонида Хитойга тегишли “жосус ҳаво шари” аниқлангач, Блинкен Хитойга ташрифини номаълум муддатга ортга сурганди. 4 февраль куни эса Хитой шари АҚШ ҳаво ҳудудида ракета билан уриб туширилганди. Вашингтон маъмурияти мазкур қурилма ёрдамида Хитой муҳим маълумотларни тўплаганини таъкидлаганди. Пекин эса АҚШ томонидан қилинган ҳужум ва туҳматларга қарши норозилик билдирганди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Хитой Си Цзиньпин Вашингтон Байден Пекин Блинкен

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг