Хирмон баланд, кўнгил тўқ
Бизнес
−
29 Август 2020
9770Халқимиз нонни айрича эъзозлайди. Унинг ерга тушган ушоғини ҳам авайлаб, кўзга суради. Нонга меҳр, уни асраб авайлаш туйғуси гўдаклигимиздан қон-қонимизга сингиб кетган. Бундан бошқача бўлиши ҳам мумкин эмас, ахир. Боиси яқин-йироқ ўтмишимизда юртга келган қаҳатчилик, уруш ва бошқа офатлар бир бурда ноннинг қадри нақадар баландлигини билдириб қўйган. Ҳатто, истиқлолнинг илк йилларида мамлакатимиз ғалла захираси саноқли кунларга етадиган миқдорда қолгани ҳам сир эмас.
Бу синовларнинг барчаси ортда қолди. Бугун дориломон замонда яшаяпмиз. Юртимиз тўла-тўкис ғалла мустақиллигига эришди, хирмонларимиз бут, кўнглимиз тўқ. Жорий йилда бутун дунё бўйлаб коронавирус пандемиясининг кенг тарқалиши табиийки, озиқ-овқат маҳсулотлари, жумладан, ун маҳсулотларига бўлган талабни бир неча баробарга ошириб юборди. Бунинг биринчи сабаби, аҳолининг карантин муносабати билан бир неча ой мобайнида ўз уйида қолиши ва асосан фаол истеъмолчига айлангани бўлса, иккинчи жиҳати, эртанги кун учун захира яратишга бўлган уриниш билан изоҳланади.
“Ўздонмаҳсулот” акциядорлик компанияси аҳолининг ун маҳсулотларига бўлган талабини қондириш борасида тизимли ишларни амалга оширмоқда. Компания таркибидаги 43 та дон корхонасида ишлаб чиқариш қуввати йилига 2 млн 20 минг тоннани ташкил этадиган жами 52 та замонавий тегирмон цехлари самарали фаолият олиб бормоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, карантин шароитидаги чекловларга қарамасдан корхоналар фаолиятида бир зум ҳам узилиш бўлгани йўқ. Жумладан, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида мазкур қувватлардан тўлиқ фойдаланган ҳолда 1117,5 минг тонна ун маҳсулоти ишлаб чиқарилди. Бу ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 164,7 минг тонна кўпдир.
Ишлаб чиқарилган ун маҳсулотларини мутасадди вазирликлар томонидан белгиланган ҳажмларда сотилиши йўлга қўйилган. Хусусан, жорий йилнинг ўтган 8 ойи давомида 1124,2 минг тонна ун сотувга чиқарилди. Бу рақамни ўтган йилнинг мос даври билан солиштирадиган бўлсак, 174 минг тоннага кўп демакдир.
Яна бир муҳим жиҳати шундаки, тизим корхоналарида ишлаб чиқарилган ун маҳсулотлари Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 14 октябрдаги “Дон, ун ва нон етказиб бериш тизимига бозор механизмларини тўлиқ жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 866-сон қарорига асосан биржа савдолари орқали сотилмоқда.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 16 апрелдаги “Короновирус пандемияси шароитида республика аҳолисига давлат ресурслари ҳисобига ун маҳсулотларини тизимли ва кафолатли етказиб бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги йиғилиш баёни талабларидан келиб чиқиб, карантин шароитида аҳолининг ун ва ун маҳсулотларига бўлган талабини қондириш масаласида янгича ёндашув юзага келди. Компания таркибидаги корхоналар томонидан ишлаб чиқарилаётган ун маҳсулотлари вилоят ҳокимликларининг дислокациясига асосан, манзилли равишда ҳар бир ҳудуддаги чакана савдо ва қолипли нон ишлаб чиқарувчи корхоналарга тўғридан тўғри шартнома асосида, бир қопи учун улгуржи нархларда 125 минг сўмдан етказиб берилмоқда. Бу эса турли тушунмовчиликларнинг олдини олиш баробарида қўшимча равишда вақт ва турли харажатларнинг қисқаришига олиб келмоқда.
Ўз навбатида солиқ ва бошқа назорат қилувчи органлар чакана савдо ва қолипли нон ишлаб чиқариш корхоналари томонидан харид қилинган ун маҳсулотларининг белгиланган мақсадларда фойдаланилиши ҳамда аҳолига етказиб берилиши устидан қатъий назоратни амалга оширмоқда.
Шуни алоҳида қайд этиш жоизки, жорий йил бошоқли дон ҳосилидан давлат эҳтиёжлари учун улкан хирмон жамғарилган. Бугунги кунда компания таркибидаги барча корхоналарда бир кеча-кундузда 6 минг тонна ун ишлаб чиқарилмоқда. Аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда ишлаб чиқариш ҳажмни янада ошириш имкониятлари мавжуд. Демак, аҳолига ун маҳсулотлари етказиб бериш борасида ҳеч қандай узилишларга йўл қўйилмайди. Хирмон бут, кўнгил тўқ. Асоссиз хавотирларга эса ҳеч қандай ўрин йўқ. Зеро, аҳолига узлуксиз равишда сифатли ун маҳсулотлари етказиб бериш бизнинг асосий вазифамиздир.
Реклама ҳуқуқи асосида
LiveБарчаси