Хайрия йиғиш тартибини бузганлар жаримага тортилиши мумкин

Жамият

image
Хайрия фаолияти бундан буён қандай ташкил этилиши бўйича тушунтириш берилди north_east

Хайрия фаолияти бундан буён қандай ташкил этилиши бўйича тушунтириш берилди

Эндиликда Ўзбекистонда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузганлар жаримага тортилиши мумкин. Бу ҳақда кеча, 26 февраль куни жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинган “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида сўз боради.

Қонун лойиҳаси билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 239 прим 2-моддаси (ҳомийлик тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузиш) билан тўлдириш таклиф этилмоқда. Унда ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузиш фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 3 бараваридан 5 бараваригача (1 миллион 125 минг сўмдан 1 миллион 875 минг сўмгача), мансабдорларга эса 5 бараваридан 7  бараваригача (1 миллион 875 минг сўмдан 2 миллион 625 минг сўмгача) миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Шунингдек, лойиҳада ҳомийликни давлат томонидан қўллаб-қувватлашнинг қўшимча механизмлари, ҳомийлик хайрияларини йиғиш, хайрия қутисини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартиблари шунингдек, ҳомийлик хайриялари тўғрисидаги ахборотни ошкор этиш ва бу жараённинг очиқлигини таъминлаш шартлари ҳам белгиланмоқда.

Қонун лойиҳаси билан хайрия қутисини ўрнатиш ва ундан фойдаланиш тартибини бузиш, башарти ушбу кодекснинг 188 прим 3-моддасида (тиланчилик қилиш) назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломатлари мавжуд бўлмаса, БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлиши кўзда тутилмоқда.

Ҳомийлик ташкилотининг ўз таъминоти (шу жумладан фаолияти билан боғлиқ барча харажатлари) учун молия йилида ўзи сарфлайдиган молиявий маблағларни қонунчиликда белгиланган миқдордан ошириб юборилиши, жиноят аломатлари мавжуд бўлмаган тақдирда мансабдор шахсларга БҲМнинг 3 бараваридан 5 бараваригача миқдорида жарима солишга сабаб бўлиши белгиланмоқда.

Ҳомийлик фаолиятини амалга ошириш тартибини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасининг қабул қилиниши ҳомийлик хайрияларини йиғиш тартибини бузишнинг олдини олиш, ҳомийлик ташкилотлари фаолиятининг шаффофлигини таъминлаш ҳамда уларга нисбатан фуқароларнинг ишончини ортишига хизмат қилади.

Муҳокаманинг якунланиш санаси 7 март қилиб белгиланган.


Мақола муаллифи

Теглар

Хайрия ҳомийлик хайрия қутиси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг