Хавотирли қарор: Ўзбекистондаги ОТМларда коронавирусга қарши чоралар кучайтарилди, чет элга чиқишга тақиқ бор
Жамият
−
04 Март 2020
14715Коронавирус хавфи сабаб Ўзбекистондаги олий ўқув юртлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида профилактик чора ва назорат кучайтирилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Матбуот хизмати хабар бермоқда.
Қайд этилишича, Ўзбекистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги мамлакатдаги қатор вазирлик ва идоралар билан ҳамкорликда коронавирус инфекциясинининг кириб келиши олдини олиш борасида олий ўқув юртлари ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасаларида профилактик чора ва назоратни кучайтиришга, тегишли санитария тадбирларини амалга ошириш орқали мураббий ва талаба-ўқувчилар саломатлигини муҳофаза қилиш мақсадида Олий ва ўрта махсус касб - ҳунар таълим вазирлиги билан ҳам қўшма қарор қабул қилган.
Унга кўра, ўқитувчи ва талабаларни ўқиш, малака ошириш ва тажриба алмашуви бўйича алоҳида кўрсатма бўлмагунча хорижга, айниқса, коронавирус инфекцияси қайд этилган давлатларга чиқишларини чегаралаш, барча халқаро тадбирлар, олимпиадалар ва шу каби бошқа тадбирларни ҳам ўтказмаслик ва уларда қатнашиш учун чет мамлакатларга бормаслик ҳамда Ўзбекистонга келаётган чет эллик талаба ва ўқитувчиларнинг вақтинчалик киришини чегаралаш чораларини қатъий кўриш вазифалари белгиланган.
Шунингдек, мазкур ҳужжат билан таълим муассасаларида талабаларнинг ҳар кунлик тана ҳароратини ўлчаш, кунлик кузатувларни олиб бориш, ўткир респиратор инфекция касаллиги белгилари аниқланганларни тиббий пунктга олиб бориш, талаба ва ўқувчиларнинг шахсий гигиена қоидаларига амал қилишларини мунтазам назорат қилиш, аудиториялар, талабалар турар жойлари ва бошқа хоналарда кунлик дезинфекция тадбирларини мунтазам ўтказиш, танаффус вақтларида барча хоналарни шамоллатиш каби профилактик тадбирларни қатъий амалга ошириш кўрсатиб ўтилган.
Шу билан бирга, шахсий гигиена қоидаларига риоя қилиш учун шароит яратиш, талаба ва ўқувчиларга қўлларини кунига бир неча маротаба совунлаб ювишини тавсия қилиш, Соғлиқни сақлаш вазирлиги томонидан коронавирус инфекциясининг олдини олиш бўйича тайёрланган тарқатма материалларни барча талабаларга етказиш каби вазифалар ҳам акс этган. Бундан ташқари, санитария-гигиена, эпидемияга қарши ва дезинфекция тадбирларини бажарилиши бўйича ҳар бир таълим муассасанинг раҳбари шахсан жавобгар эканлиги тўғрисида огоҳлантирилган.
“Шу ўринда, Соғлиқни сақлаш вазирлиги жаҳонда коронавирус билан боғлиқ эпидемия тез суръатда ўсиб бораётганлигини ҳисобга олиб, Ўзбекистондаги барча олий ва ўрта махсус касб-ҳунар таълими муассасалари масъулларидан юқорида кўрсатиб ўтилган чора-тадбирларга қатъий риоя қилиб, уни назорат қилишларини сўрайди”, дейилади хабарда.
Эслатиб ўтамиз, бундан бир неча кун аввал мамлакатдаги 10 мингга яқин мактабларда санитария чоралари кучайтирилган эди.
Янги коронавирус
Хитойнинг Хубэй провинцияси маркази Ухань шаҳрида ўтган йилнинг декабрь ойи ўрталарида янги вирус пайдо бўлди. Хитой Ҳукумати 31 декабрь куни Жаҳон Соғлиқни сақлаш ташкилотини мамлакатда эпидемия бошлангани ҳақида огоҳлантирди.
Коронавирус билан касалланганлар ҳозирча Хитойдан ташқари 79 давлат – Япония, Таиланд, Сингапур, Жанубий Корея, Гонконг, Австралия, Тайвань, Макао, Малайзия, АҚШ, Германия, Вьетнам, Франция, Бирлашган Араб Амирликлари, Канада, Филиппин, Буюк Британия, Россия, Италия, Ҳиндистон, Финляндия, Швеция, Шри-Ланка, Камбожа, Непал, Испания, Бельгия, Ливан, Миср, Эрон, Исроил, Ироқ, Баҳрайн, Афғонистон, Қувайт, Уммон, Бразилия, Хорватия, Швейцария, Австрия, Жазоир, Грузия, Греция, Швейцария, Шимолий Македония, Норвегия, Ирландия, Эстония, Доминикан Республикаси, Беларусь, Нигерия, Янги Зеландия, Монако, Люксембург, Литва, Қатар, Исландия, Чехия, Озарбайжон, Дания, Мексика, Эквадор, Сан Марино, Нидерландия, Лихтенштейн, Чили, Аргентина, Украина, Тунис, Саудия Арабистони, Марокаш, Латвия, Иордания, Арманистон, Андорра, Сенегал, Индонезия ва Руминияда аниқланди.
ЖССТ янги коронавируснинг дунёга тарқалиши сабабли Жамоат соғлиғи учун халқаро хавотирга молик фавқулодда вазият жорий қилди. Бу инсоният соғлиғи учун жиддий хавф туғилганда эълон қилинадиган расмий мақом ҳисобланади. ЖССТ янги коронавирусга расман ном берди ва у COVID-2019 деб аталди.
Айни вақтда коронавирус билан оғриганлар дунё миқёсида 93553 кишини ташкил этмоқда. Вирус сабаб қурбон бўлганлар сони эса 3204 тага етди, 50871 киши эса ушбу вирусдан даволанишга муваффақ бўлди.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь