Кейинги масала Эрон – Трамп
Олам
−
08 Март 6408 2 дақиқа
Эроннинг ядро дастури билан боғлиқ вазият келажакда дунё сиёсатидаги энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади. Бу ҳақда АҚШ Президенти Дональд Трамп Оқ уйда журналистлар билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.
Трампнинг сўзларига кўра, Эрон билан муносабатлар қандай кечиши ҳалигача номаълум бўлиб қолмоқда.
“Кейинги масала Эрон ҳақида бўлади. Эрон билан нима бўлишини кўрамиз. Олдинда қизиқарли кунлар кутмоқда. Бу ҳақида сизларга айтадиган ягона нарса шу”, деган АҚШ раҳбари.
Шунингдек, у Эрон масаласида “охирги босқичлар”га келингани, яъни вазиятнинг жуда муҳим нуқтага етганини айтиб ўтган.
“Биз Эрон билан боғлиқ сўнгги чораларга келдик. Бу қизиқарли вақт бўлади. Кўрамиз, нима бўлади. Биз охирги нуқтага етдик. Улар ядро қуролига эга бўлмаслиги керак”, деган Трамп.
Трамп, шунингдек, тез орада бирор нарса юз беришини кутаётганини, лекин у тинч келишувга умид қилаётганини ҳам айтиб ўтган.
“Умид қиламанки, биз тинч келишувга эришамиз. Мен тинч келишувни афзал кўраман, бошқа вариантни эмас. Аммо агар тинч келишув бўлмаса, бошқа вариант бу масалани ҳал қилади”, деган Оқ уй раҳбари.
Маълумот учун, АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар 1979 йилги инқилобдан бери кескинлигича қолмоқда. Ўтган йили Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Миллий талабалар куни муносабати билан Теҳрондаги қароргоҳида талабалар билан учрашувда 1979 йил 4 ноябрда Теҳронда юз берган воқеаларни эслаб, ўша пайтда АҚШ элчихонасидан “жосуслар уяси” сифатида фойдаланилганини айтганди. Ўтган ойда ҳам у ҲАМАС етакчилик кенгаши раиси Муҳаммад Исмоил Дарвиш билан учрашувда ҲАМАС сионистик режимни енгиш орқали аслида Американи мағлуб этгани ва уларнинг ҳеч бири мақсадига эришмаганини алоҳида айтиб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга мамлакат ядровий дастурини муҳокама қилиш учун мактуб йўллаганини айтганди.
Live
Барчаси