Трамп АҚШнинг азалий душманига мактуб юборди

Олам

image

АҚШ Президенти Дональд Трамп Эроннинг олий раҳбари Оятуллоҳ Али Хоманаийга мамлакат ядровий дастурини муҳокама қилиш учун мактуб йўллаганини айтди. Бу ҳақда у “Fox Business” телеканалига берган интервьюсида маълум қилди.

Трамп Эрон раҳбарига мактуб йўллагани ва Эрон билан ядровий келишувга эришишни афзал кўришини айтди.

“Эрон музокара қилмаса, бу унинг учун жуда ёмон бўлади. Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги керак. Бошқа вариантлар ҳам бор”, деди Трамп.

Февраль ойида АҚШ Президенти Эрон ядро қуролига эга бўлмаслиги кераклигини айтганди, бироқ у Эроннинг ўсиши ва ривожланишига имкон берадиган ядровий келишувни афзал кўрди.

АҚШ Президенти, шунингдек, Эронга “максимал босим”ни янгилаш ҳақидаги фармонни имзолади.

Трамп бу қарордан норози эканлигини, бироқ Эроннинг ядровий қуролга эга бўлишига йўл қўя олмагани учун “Эронга нисбатан қаттиқроқ бўлишга” мажбур бўлганини айтди.

Маълумот учун, АҚШ ва Эрон ўртасидаги муносабатлар 1979 йилги инқилобдан бери ёмон. Ўтган йили Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Миллий талабалар куни муносабати билан Теҳрондаги қароргоҳида талабалар билан учрашувда 1979 йил 4 ноябрда Теҳронда юз берган воқеаларни эслаб, ўша пайтда АҚШ элчихонасидан “жосуслар уяси” сифатида фойдаланилганини айтганди. Ўтган ойда ҳам у ҲАМАС етакчилик кенгаши раиси Муҳаммад Исмоил Дарвиш билан учрашувда ҲАМАС сионистик режимни енгиш орқали аслида Американи мағлуб этгани ва уларнинг ҳеч бири мақсадига эришмаганини алоҳида айтиб ўтди.

Эслатиб ўтамиз, 7 февраль куни Хоманаий армия ҳаво кучлари ва мудофаа қўмондонлари билан бўлиб ўтган учрашувда агар америкаликлар Эронга таҳдид қилса, Эрон ҳам уларга қарши таҳдид қилишини айтганди. Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи эса Америка Қўшма Штатлари Эрон билан янги битим тузиб, уни таслим бўлишга мажбурлаш мақсадини кўзлаётганини айтди.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Дональд Трамп Оятуллоҳ Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг