Эрон олий раҳбари Исроилга ҳам, АҚШга ҳам қақшатқич жавоб қайтаришга ваъда берди
Олам
−
02 Ноябрь
9033Теҳрон, албатта, Исроилга ҳам, АҚШга ҳам Эронга қарши ҳаракатлари учун қаттиқ жавоб беради. Бу ҳақда Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий Миллий талабалар куни муносабати билан Теҳрондаги қароргоҳида талабалар билан учрашувда айтиб ўтди.
Хоманаий 1979 йил 4 ноябрда Теҳронда юз берган воқеаларни эслаб, ўша пайтда АҚШ элчихонасидан “жосуслар уяси” сифатида фойдаланилганини айтди. Жорий йилнинг 26 октябридаги Исроилнинг минтақадаги ҳаракатлари ва Эронга ҳужуми ҳақида гапирар экан, Хоманаий Теҳрон Исроил ва АҚШнинг ҳаракатларини жавобсиз қолдирмаслигини айтди.
“Душманлар, ҳам сионистик режим, ҳам Америка, билишлари керакки, улар Эрон, унинг халқи ва қаршилик фронтига қарши ҳаракатлари учун қаттиқ жавоб олишлари аниқ. Биз, албатта, кибрга қарши туриш учун нима керак бўлса, ҳарбий ҳаракатми, қурол ёки сиёсий ҳаракатни қиламиз. Ҳозирда расмийлар бу билан банд”, деди олий раҳбар.
Эронда 4 ноябрда Миллий талабалар куни нишонланади. 1979 йилнинг шу куни эронлик талабалар АҚШнинг Теҳрондаги элчихонасини эгаллаб олган.
Эслатиб ўтамиз, Оятуллоҳ Али Хоманаий 28 октябрь куни Миллий хавфсизлик олий кенгашига Исроилга қарши жавоб зарбаси режасини тайёрлашни буюрганди. Эроннинг ягона палатали парламенти – Мажлиснинг Миллий хавфсизлик қўмитаси аъзоси Сардор Косари парламент Исроилга ҳарбий жавоб қайтариш тўғрисида қарор қабул қилганини айтди. Воқеалар фонида АҚШ Мудофаа вазири Ллойд Остин Яқин Шарқ минтақасига қўшимча ракеталарга қарши мудофаа эсминецлари, қирувчи отрядлар ва танкер самолётлари, шунингдек, АҚШ Ҳарбий-ҳаво кучларининг бир нечта узоқ масофали зарба берувчи B-52 бомбардимончи самолётларини юборишни буюрди.
LiveБарчаси