Америкаликлар Эронга таҳдид қилса, биз ҳам уларга таҳдид қиламиз – Хоманаий

Олам

image

Агар америкаликлар Эронга таҳдид қилса, Эрон ҳам уларга қарши таҳдид қилади. Бу ҳақда бугун, 7 февраль куни Эрон олий раҳнамоси Оятуллоҳ Али Хоманаий армия ҳаво кучлари ва мудофаа қўмондонлари билан бўлиб ўтган учрашувда сўз очди.  

Маълум қилинишича, у ўз нутқи давомида мамлакат хавфсизлиги, Эрон ва АҚШ ўртасидаги муносабатлар ҳақида гапирган.

“Агар америкаликлар бизга таҳдид қилса, биз ҳам уларга таҳдид қиламиз. Агар америкаликлар Эрон халқи хавфсизлигига ҳужум қилса, биз иккиланмасдан, бунга қарши чоралар кўрамиз”, деган Эрон олий раҳбари.

Шунингдек, Хоманаий Эрон АҚШ билан ҳеч қандай музокара олиб бормаслиги кераклигини таъкидлаган. Мамлакат олий раҳбарининг сўзларига кўра, Вашингтон Теҳронни ядровий келишув шартларини бажармай, уни бир томонлама бекор қилиб, бир марта алдаган.

“АҚШ билан музокаралар мамлакат муаммоларини ҳал қилишга таъсир қилмайди. Биз буни тўғри тушунишимиз ва ушбу ҳукумат билан музокара столига ўтириш орқали муайян муаммоларни ҳал қиламиз, деб ўйламаслигимиз, адашмаслигимиз керак. Қўшма Штатлар билан музокаралар ҳеч қандай муаммони ҳал қилмайди“, деган у.

Қолаверса, Хоманаий АҚШ расмийлари дунё харитасини қоғозда ўзгартираётганини, аммо бунинг воқеликка ҳеч қандай алоқаси йўқлигини қўшимча қилган.

Маълумот учун, 4 февраль куни АҚШ Президенти Дональд Трамп миллий хавфсизлик меморандумини имзолаган ва у Эрон ядро дастурига “максимал босим” ўтказишини айтган эди. Унинг қайд этишича, Вашингтон Теҳроннинг ядро қуролига эга бўлишига ва уни яратишига рухсат бера олмайди. 

Ислом Республикаси Ташқи ишлар вазири Аббос Ароқчи Трампнинг ядровий қурол ишлаб чиқаришдан қўрқишини асоссиз деб атади, чунки мамлакат Ядро қуролини тарқатмаслик тўғрисидаги шартномага содиқдир. Қолаверса, Эронда бу фаолиятга диний тақиқ қўйилган. 

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эрон Ташқи ишлар вазирлиги сўзловчиси Исмоил Багай АҚШ Молия вазирлигининг Эрон нефтини Хитойга етказиб беришга ёрдам берган шахслар, юридик шахслар ва кемаларга нисбатан санкциялар жорий этиш ҳақидаги қарорини кескин қоралаганди. У АҚШнинг Эрон нефть саноатига қарши янги санкцияларини мутлақо асоссиз ва халқаро қоидалар ҳамда стандартларга зид деб атаган.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Эрон Вашингтон Оятуллоҳ Али Хоманаий

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг