Каспийдаги фожиа: барча жасадлар топилди
Олам
−
14:05 1135 2 дақиқа
Қозоғистоннинг Каспий денгизида бедарак йўқолган яна икки ҳарбий хизматчининг жасади топилиб, ҳалок бўлганлар сони 14 кишига етди. Бу ҳақда Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, бугун, 25 сентябрь куни соат 09:15 лар атрофида олиб борилган қидирув-қутқарув ишлари давомида аввал бедарак йўқолган икки ҳарбий хизматчи – сержант Мансур Гумаров ва денгизчи Мирас Турдибек ўғлининг жасади топилган.
Фожиа ўқув-жанговар вазифани бажариш вақтида об-ҳавонинг кутилмаганда кескин ёмонлашиши оқибатида юз берган. 17 нафар ҳарбий хизматчи очиқ денгизга оқиб кетган. Улардан уч нафари қутқарилган, 14 нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлган.
“Қозоғистон Республикаси Мудофаа вазирлиги ва Қуролли кучлари раҳбарияти ҳамда шахсий таркиби ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг қариндошлари ва яқинларига чуқур ҳамдардлик билдиради”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳалок бўлган ҳарбий хизматчиларнинг оилаларига зарур, жумладан, моддий ва психологик ёрдам кўрсатилиши маълум қилинган.
Манғистаудаги фожиа
Кеча, 24 сентябрь куни Манғистау вилоятида Қозоғистон Қуролли кучлари Ҳарбий-денгиз кучлари томонидан ўқув-жанговар топшириқни бажариш вақтида Каспий денгизи соҳилида метеорологик шароитнинг кескин ёмонлашиши ва шамолнинг кучайиши сабабли ҳарбий хизматчилар денгизга оқиб кетган.
Мудофаа вазирлиги дастлабки маълумотларида денгизга 19 нафар ҳарбий хизматчи оқиб кетганини билдирган эди. Ўша пайтда 9 нафар ҳарбий хизматчининг ҳалок бўлгани қайд этилган. Кейинроқ, Манғистау вилояти ҳокимлиги денгизга оқиб кетганлар сони 17 нафар эканини маълум қилди.
Ҳарбий хизматчилар ҳалок бўлганидан сўнг ҳукумат комиссияси тузилган, ҳодиса жойига Бош вазир ўринбосари Қанат Бозумбаев юборилган. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев ҳарбий хизматчиларнинг ҳалок бўлгани муносабати билан ҳамдардлик билдирган ва фожиани тергов қилиш бўйича топшириқлар берган.
Оқтовда Шаҳар куни муносабати билан ўтказилиши режалаштирилган байрам тадбирлари бекор қилинган. Қосим-Жомарт Тўқаев 25 сентябрь кунини Қозоғистонда умуммиллий мотам куни деб эълон қилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев фожиа муносабати билан Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев ва Қозоғистон халқига ҳамдардлик йўллади.
Live
Барчаси