Кашмирдаги намойишларда камида 20 киши ҳалок бўлди
Олам
−
19 июн 2163 2 дақиқа
Покистон назоратидаги Кашмирда икки ҳафтага яқин давом этган намойишлар оқибатида камида 24 киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда “Reuters” хабар қилди.
Қайд этилишича, норозиликлар яқинда тақиқланган Қўшма Авомий Ҳаракат Қўмитаси (JAAC) тарафдорлари билан маҳаллий ҳокимият ўртасидаги тўқнашувлар ортидан кучайган. Намойишлар 27 июлга белгиланган маҳаллий парламент сайловлари олдидан бошланган. Маълум қилинишича, JAAC сайловдаги 45 ўриндан 12 тасини Ҳиндистон назоратидаги Кашмирдан келиб, ҳозир Покистонда яшаётган қочқинлар учун ажратиш қарорига қарши чиққан.
Расмийлар маълумотига кўра, 6 июндан 14 июнгача бўлган тўқнашувларда камида 20 нафар тинч аҳоли ҳалок бўлган, ўнлаб одамлар жароҳат олган. Минтақавий полиция раҳбари Лиақат Али Маликнинг айтишича, намойишлар давомида 4 нафар полиция ходими ҳалок бўлган, 97 нафари жароҳатланган. Шунингдек, 515 киши қўлга олинган.
Ҳозирда минглаб JAAC тарафдорлари минтақанинг пойтахти Музаффарободдан 100 километр жанубда жойлашган Равалакот шаҳри атрофида тўпланган. Ҳукумат вазиятга жавобан асосий йўлларни ёпган, интернетни ўчирган ва оммавий ахборот воситалари фаолиятига чекловлар жорий этган. Музаффарободнинг юқори Адда тижорат ҳудудида одатда гавжум бўладиган бозорлар ва дўконлар ҳозир деярли бўш қолган. Айрим дорихоналар ва озиқ-овқат дўконларигина қисқа вақтга ишламоқда.
27 ёшли мардикор ишчи Ихлоқ Аҳмаднинг айтишича, 9 июндан буён бир сўм ҳам ишлаб тополмаган. Интернет ва спутник алоқаси тўхтатилгани сабаб банк хизматлари ва банкоматлар ҳам ишламаяпти. Расмий кўрсатмага биноан ёқилғи қуйиш шохобчалари ҳам ёпилган.
Мотоцикл ҳайдовчиси Осиф Ноз эса вазиятни оғир деб баҳолаган.
“Маблағи борлар буни қандайдир енгиб ўтар. Бироқ биз каби кунбай ишлайдиганлар учун бу ўзини ўзи ҳалокатга маҳкум қилиш билан баробар”, деган у.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Покистон назоратидаги Кашмирда 9 июнь кунига белгиланган намойишлар арафасидаёқ юз берган тўқнашувлар оқибатида 11 киши ҳалок бўлгани, 70 нафардан ортиқ киши жароҳат олгани хабар қилинган эди.
Live
Барчаси