Карантин – бу навбатдаги таътил эмас – Сафоев 

Жамият 7970
image

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Сенати раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев сенатор ва депутатларга сенатор мажлислар ўтказмаслик, сайловчилар ҳолидан хабар олиш лозимлиги ҳақида мурожаат қилди. У Халқаро пресс-клубдаги чиқиши давомида шундай дейди: 

“6500 нафар маҳаллий кенгаш депутатлари, сенаторларга қараб шу нарсани айтмоқчиманки, бефарқ бўлманглар. Мажлис ўтказманг. Балки бугунги кунда сизни сайлаган сайловчиларингиз аҳволидан хабардор бўлинг. Айни вақтда ҳар бир сенатор, депутат ва маҳаллий кенгашлар, бугун нима қиламан ва эртага нима қилиш керак деб ўйлаши даркор. Сенаторлар ва депутатлар, сизни сайлаган инсонлар олдида масъулиятингиз улкан эканини ҳис қилишингиз лозим”.

Маълумки, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича республика махсус комиссияси томонидан мулкчилик шаклидан қатъи назар барча корхона ва ташкилотлар фуқароларнинг масофадан туриб ишлаши учун шароит яратиши юзасидан алоҳида қарор қабул қилди. Жамоат транспортлари ҳаракати тўхтатилди, шунингдек шахсий автомобилларни ҳам махсус рухсатнома (стикер)сиз бошқаришга ҳам тақиқ қўйилди. Мамлакатда карантин қоидаларига риоя қилиш масаласи долзарб бўлиб турибди. Сенат раисининг биринчи ўринбосари Содиқ Сафоев ҳам мазкур масалага эътибора қаратаркан, карантин даврида уйда ўтириш навбатдаги таътил эмаслигини қайд этди. 

“Карантин даврида уйда ўтириш, бу навбатдаги таътил эмас. Балки, уйдан туриб ишлаш имкониятидир. Бўш вақт – бу шахсий ривожланиш учун жуда муносиб бир имкониятдир. Ҳар қандай инқироз – бу кейинги ривожланиш учун бир имкон”, дейди Сафоев. 

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 298 нафарга етди. Уларнинг 25 нафари даволанди, 2 нафари вафот этди.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


 

Баҳодир Aҳмедов
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 75
Рейтинг: 2.9
t
×