Кара-Мурза иши туфайли тўққиз нафар россиялик “қора рўйхат”га тушиши мумкин
Олам
−
30 Май 2023
4926Европа Иттифоқи санкциялар рўйхатига Владимир Кара-Мурза иши бўйича терговда иштирок этган тўққиз нафар россияликни қўшиши мумкин. Бу ҳақда бугун, 30 май куни ЕИ ҳужжати лойиҳасига таяниб, “EU Observer” хабар берди.
Қайд этилишича, рўйхатга Россия адлия вазири ўринбосари Олег Свириденко, тўрт нафар россиялик судя, Кара-Мурза сақланаётган қамоқхона раҳбари ва уч нафар амалдор киритилган. ЕИ вакиллари эртага, 31 май куни Брюсселда рўйхатни муҳокама қилади.
Бироқ Венгрия санкцияларга вето қўйиши мумкин. Чунки 17 май куни Венгрия Ташқи ишлар ва ташқи иқтисодий алоқалар вазири Петер Сиярто Венгрия банк гуруҳи ОТП Украинанинг "халқаро уруш ҳомийлари" рўйхатидан чиқарилмагунича, мамлакат Европа Тинчлик Жамғармаси ва санкциялар бўйича қарорлар қабул қилишда иштирок эта олмаслигини айтган. Айтилишича, Венгрия Европа Иттифоқи санкциялари рўйхатидаги камида бир кишига қарши вето қўйган.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 17 апрель куни Владимир Кара-Мурза давлатга хиёнат қилиш, Россия армияси ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш ва номақбул ташкилотга раҳбарлик қилишда айбланиб, 25 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинганди. Мазкур ҳукмдан сўнг Лондондаги Россия элчиси Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилди. Шундан сўнг, Россия Ташқи ишлар вазирлиги ҳам Москвадаги АҚШ, Буюк Британия ва Канада элчиларини Россия ички ишларига аралашганлик ва дипломатик мақомга тўғри келмайдиган фаолият важи билан чақиртирди. 20 апрель куни эса Европарламент депутатлари Владимир Кара-Мурзани озод қилишга чақирувчи резолюцияни қабул қилди.
LiveБарчаси