Путиннинг танқидчиси чорак асрга қамалди
Олам
−
17 Апрель 2023
11146Бугун, 17 апрель куни Кремлни ошкора танқид қилиб келган сиёсатчи Владимир Кара-Мурза давлатга хиёнатда айбланиб, Москва суди томонидан чорак асрга қамоққа ташланди. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.
41 ёшли Кара-Мурза Россия ва Британия паспортларига эга мухолиф сиёсатчи бўлиб, у йиллар давомида Президент Владимир Путинга қарши гапирган ҳамда Ғарб ҳукуматларини Россия ва айрим фуқароларига инсон ҳуқуқларини бузганликлари учун санкциялар киритишда лоббилик қилган.
Суддан Кара-Мурзани 25 йилга озодликдан маҳрум этишни сўраган давлат прокурори Москванинг Украинадаги “махсус ҳарбий операцияси”ни танқид қилганидан сўнг уни давлатга хиёнат ва рус ҳарбийларини обрўсизлантиришда айблаган.
Қўлга олинишидан бир неча соат олдин Ғарб ОАВсига берган интервьюсида Кара-Мурза Россияни “қотиллар режими” бошқараётганини даъво қилган. Шунингдек, у Қўшма Штатлар ва Европа бўйлаб чиқишларида ҳам Москвани Украинадаги тинч аҳоли манзилларини бомбардимон қилишда айблаган.
Ўтган ҳафта бўлган суд мажлисидаги сўнгги нутқида эса Кара-Мурза ёпиқ эшиклар ортида ўтказилган ўзининг суд жараёнини 1930 йиллардаги Иосиф Сталиннинг кўргазмали судларига қиёслаган ҳамда суддан уни оқлашни сўрашдан бош тортган ва қилган барча ишларидан фахрланишини билдирган.
“Жиноятчилар қилган ишидан пушаймон бўлишлари керак. Мен эса сиёсий қарашларим учун қамоқдаман. Яна шуни биламанки, юртимиз устидан зулмат тарқаладиган кун келади”, дейди мухолифатчи сиёсатчи.
Таъкидлаш жоизки, ўтган йилнинг февраль ойида Украинага ўн минглаб қўшин юборганидан кўп ўтмай, Россия уруш давридаги кенг қамровли цензура қонунларини жорий қилди, бу қонунлар жамиятдаги норози овозларни ўчириш учун ишлатилган. Армияни обрўсизлантириш ҳозирда беш йилгача қамоқ билан жазоланиши мумкин, бу ҳақда атайлаб ёлғон маълумот тарқатиш эса 15 йиллик қамоқ жазосига сабаб бўлиши мумкин.
LiveБарчаси