Ҳукуматларининг ҳаракатлари учун элчилар жавоб берди

Олам

image

АҚШ, Буюк Британия ва Канада элчилари Россия ички ишларига аралашганлик ва дипломатик мақомга тўғри келмайдиган фаолият важи билан Россия Ташқи ишлар вазирлигига чақирилди. Бу ҳақда бугун, 18 апрель куни ТАCC хабар берди.

Россия ТИВ расмий вакили Мария Захаровага кўра, Буюк Британия, АҚШ ва Канада элчилари мухолифатчи сиёсатчи Владимир Кара-Мурзага нисбатан ҳукм эълон қилинганидан кейин уни озод қилишни сўраб тарқатган баёнотлари билан Россия ички ишларига бевосита аралашган ҳисобланади.

Захарова Москва Буюк Британия элчиси Дебора Броннертнинг Кара-Мурза ҳукмидан кейин айтган баёнотларини номақбул деб билишини таъкидлаган ва Лондонни халқаро инсон ҳуқуқлари масалаларини сиёсийлаштиришдан огоҳлантирган. Шунингдек, у АҚШ ва Канада элчиларининг Кара-Мурзани озод қилиш талабларини “бемаъниликнинг чўққиси” деб атаб, айни пайтда уларнинг ватанларида инсон ҳуқуқлари уятсиз поймол қилинаётгани ва диссидентлар таъқибда эканини айтган.

“Британия Ташқи ишлар вазирлиги давлатга хиёнатда айбланиб, 25 йилга озодликдан маҳрум этилган Владимир Кара-Мурзага консуллик хизматини талаб қилди ва суд таркибига қарши санкциялар билан таҳдид қилди. Шунда менинг тушунишим бўйича, Даунинг-стрит томонидан судьяларга бевосита таҳдид қилинган. Британия ТИВ бир неча йил ўтгач, Россиянинг Скрипал билан учрашиш илтимосини эслаб қолдими?”, деб ёзган Мария Захарова Telegram-каналида.

Маълумот учун, Сергей Скрипал Совет, Россия ва Британия ҳарбий разведкачиси ҳисобланади. У 2006 йилда Россияда Британия махсус хизматлари фойдасига жосуслик қилиб, давлатга хиёнатда айбланган ва ҳарбий унвонидан маҳрум этилган. Россия ва Америка Қўшма Штатлари ўртасида афв этилган ва қамоққа олинган айғоқчилар алмашилганидан сўнг, Британияда яшай бошлаган. 2018 йилнинг 4 мартида Скрипал ва унинг қизи Юлия Новичок қасддан заҳарланган. Британия ҳукумати заҳарланишда Россия махсус хизматларини айблаган. Россия раҳбарияти эса барча айбловларни рад этган. Заҳарланиш катта халқаро жанжалга сабаб бўлиб, 30 дан ортиқ давлат ва ташкилотлар россиялик дипломатларни чиқариб юборган.

Эслатиб ўтамиз, кеча, 17 апрель куни Россияда мухолифатчи сиёсатчи Владимир Кара-Мурза давлатга хиёнат қилиш, Россия армияси ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш ва номақбул ташкилотга раҳбарлик қилишда айбланиб, 25 йилга қаттиқ режимли колонияга ҳукм қилинганди. Мазкур ҳукмдан сўнг Лондондаги Россия элчиси Буюк Британия Ташқи ишлар вазирлигига чақиртирилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Россия Британия Кара-Мурза

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг