АҚШ Қозоғистон компаниясини “қора рўйхат”га тиқди
Олам
−
15:16 522 2 дақиқа
Қозоғистоннинг “Tour Invest” компанияси АҚШ Молия вазирлигининг Хорижий активларни назорат қилиш бошқармаси (OFAC) томонидан чекловлар жорий этилган махсус белгиланган фуқаролар ва шахсларнинг янгиланган рўйхатига киритилди. Бу ҳақда Америка Молия вазирлиги хабар берди.
“Қозоғистонда рўйхатдан ўтган “Tour Invest” компанияси “Mahan Air” авиакомпаниясининг сотувлар бўйича бош агенти сифатида иш олиб борган”, дейилади хабарда.
Маълумот учун, Mahan Air – бош базавий аэропорти Теҳронда жойлашган Эроннинг йирик хусусий авиакомпанияси.
АҚШ Молия вазирлигининг қайд этишича, “Tour Invest” Mahan Air авиакомпаниясига уни қўллаб-қувватлаш мақсадида сезиларли ёрдам кўрсатгани, ҳомийлик қилгани ва молиявий, моддий ёхуд технологик ёрдам, шунингдек товар ёки хизматлар тақдим этгани учун рўйхатга киритилган. Компания рўйхатда иккиламчи санкциялар хавфи муносабати билан тилга олинган.
“Tour Invest” МЧЖ турли манбаларда Эроннинг Mahan Air авиакомпаниясининг Қозоғистондаги бош агенти сифатида тилга олинади.
Қайд этиш жоиз, 2011 йилдан буён Mahan Air авиакомпанияси АҚШнинг антитеррор санкциялари таъсири остида бўлиб келмоқда. Вашингтон авиаташувчини Ислом инқилоби қўриқчилари корпуси учун транзит канали бўлиб хизмат қилаётганликда, хусусан, шахсий таркиб, қурол-яроғ ва ҳарбий жиҳозларни ташишда айбламоқда. Сўнгги ойларда АҚШ Молия вазирлиги мазкур авиакомпанияга логистик ва тижорий ёрдам кўрсатаётган компанияларга қарши чораларни кучайтирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Россияга қарши 20-санкциялар пакети доирасида Қозоғистонда фаолият юритувчи United Trading Group компаниясига нисбатан чекловлар жорий қилган эди.