Каннаваро Зиданнинг “калла”си унга “Олтин тўп”ни ютишда ёрдам берганини тан олди
Спорт
−
1647 3 дақиқа
Ўзбекистон миллий терма жамоаси бош мураббийи Фабио Каннаваро 2006 йилги Жаҳон чемпионати финалида Зинедин Зиданнинг Марко Матераццига боши билан зарба бериши унинг “Олтин тўп”ни қўлга киритишига маълум маънода ёрдам берганини айтди. Бу ҳақда Каннаваро “La Gazzetta dello Sport” нашрига берган интервьюсида сўз очди.
“France Football” журнали журналисти мени “Реал Мадрид”нинг машғулот майдонидан чиқаётганимда тўхтатиб, машинамга ўтирди. У Буффон энди мендан ўзиб кета олмаслигини, ғолиб бўлганимни ва энди интервью олиши кераклигини айтди. Ўша пайтда буни ҳазил деб ўйлагандим. Ўша йилги ўйинларни қайта кўрганимда, ўзимга: “Худойим, мен қандай яхши ўйнаган эканман!” дейман. Аммо ўшанда ҳам, ҳозир ҳам бир нарсани тушунаман: агар Зидан Матераццига боши билан зарба бермаганида, “Олтин тўп”ни ютишим анча қийин бўларди”, дейди Каннаваро.
Каннаваро унинг “Олтин тўп”и қадри уч баравар ошганини таъкидлаган. Унинг фикрича, шундан бери бирорта ҳам ҳимоячи ушбу совринни қўлга кирита олмаган ва келажакда бу мукофотга ким сазовор бўлишини тахмин қилиш қийин.
“Менинг “Олтин тўп”имнинг қиймати энди уч баравар ошди. Ўшандан бери бирорта ҳам ҳимоячи бу совринни қўлга киритмади. Келажакда ким бу мукофотга сазовор бўлиши мумкинлигини ҳам тасаввур қила олмайман. Балки Пау Кубарси? Унинг ғалабаси энг кўп танқид қилинадиган шаҳар – “Барселона” ҳимоячисининг совринни қўлга киритиши бўларди”, дейди у.
Каннаваро ҳозирги футболда ҳимоячиларнинг индивидуал техникаси, ҳаракатланиш услуби ва ҳимоя кўникмаларига етарлича эътибор берилмаётганини таъкидлаган.
Шунингдек, Каннаваро Италия терма жамоаси сўнгги вақтларда жуда кўп гол ўтказиб юбораётганини айтган. Унинг фикрича, бу муаммони фақат марказий ҳимоячилар билан боғлаш нотўғри, чунки бутун жамоанинг ҳаракатлари ва прессингни ташкил этиши муҳим аҳамиятга эга.
“Италия жуда кўп гол ўтказиб юбормоқда. Аммо гап фақат марказий ҳимоячиларда эмас, бутун жамоанинг ўйинида. Футболчиларга улар от эмаслигини, прессингни ҳам ақл билан амалга ошириш кераклигини ўргатиш лозим. Спаллетти айтганидек, агар прессинг қилиш ҳақида қарор қабул қилиш билан ҳаракатни бошлаш ўртасида вақтни бой берсангиз, аллақачон кеч бўлади. Италия терма жамоасида айнан шундай ҳолат кузатилмоқда. Биз тўпни қайтариб олиш учун етарлича ҳаракат қилмаяпмиз ва рақиб прессингнинг биринчи чизиғини ёриб ўтганида муаммоларга дуч келяпмиз”, дейди Фабио Каннаваро.
Маълумот учун, Фабио Каннаваро Ўзбекистон миллий терма жамоаси билан амалдаги шартномаси 2027 йилнинг октябрь ойига қадар мўлжалланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Каннаваро ЎФА билан амалдаги шартномасини узайтириш бўйича музокаралар олиб борилётганини айтганди.