Каннабис етиштириш учун лицензия олиш тартиби белгиланди
Жамият
−
11 Декабрь 2020
9944Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини тартибга солиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 770-сон қарори қабул қилинди.
Ҳужжат “Гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисида”ги ва “Фаолиятнинг айрим турларини лицензиялаш тўғрисида”ги қонунларга мувофиқ қабул қилинди. Қарор билан қуйидагилар тасдиқланди:
• Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини лицензиялаш тартиби тўғрисидаги низом;
• Каннабис ўсимлигини гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш, сақлаш, реализация қилиш, ташиш, йўқ қилиш ва ҳисобга олиш бўйича талаблар.
Қишлоқ хўжалиги вазирлиги лицензиялашни амалга оширувчи орган ҳисобланади, ушбу Вазирлик томонидан:
• таркибида тетрагидроканнабинол гиёҳвандлик моддасининг миқдори 0,2 фоизгача бўлган каннабис ўсимлигини (кейинги ўринларда – каннабис ўсимлиги) гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар ишлаб чиқариш ҳамда тайёрлаш билан боғлиқ бўлмаган саноат мақсадларида етиштириш ва фойдаланиш фаолиятини амалга ошириш учун лицензия берилади;
• каннабис ўсимлигини етиштириш учун қишлоқ хўжалигида фойдаланишдан чиқарилган ерлар ажратиб берилади;
• ишлаб чиқариш мақсадларида етиштириш учун экин навининг учинчи ва ундан кейинги репродукциядаги уруғликларини экишга йўл қўйилмайди;
• 2 ой муддатда гиёҳванд воситалар ва психотроп моддалар тайёрланишининг олдини олиш ҳамда минтақавий кимё лабораторияларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар режаси лойиҳаси ишлаб чиқилади ва ҳ.к.
Низомга мувофиқ лицензияларни бериш, уларнинг амал қилиш муддатини узайтириш ва хулосалар тайёрлаш лицензияловчи орган ҳузуридаги эксперт комиссияси томонидан амалга оширилади. Лицензия фақат каннабис ўсимлиги (тола ва уруғ) билан боғлиқ фаолиятнинг қуйидаги турларини амалга оширадиган юридик шахсларга берилади:
• етиштириш;
• олиб кириш, олиб чиқиш;
• қайта ишлаш;
• сақлаш;
• реализация қилиш;
• олиш;
• ташиш.
Фаолиятнинг бир нечта турларини амалга ошириш ҳуқуқини олишда ҳар бир турига алоҳида лицензия берилади. Лицензиянинг амал қилиш муддати – 5 йил.
Лицензия талаблари ва шартлари қуйидагилардан иборат:
• гиёҳвандлик воситалари ва психотроп моддалар тўғрисидаги қонун ҳужжатларига риоя қилиш;
• юридик шахснинг штатида тегишли малакага эга бўлган камида уч нафар мутахассис мавжуд бўлиши;
• моддий-техник база, ускуналар, бошқа техник воситалардан фойдаланишни қамраб олган ҳолда лицензиялаштирилган аниқ фаолият турини бўйича белгиланган талабларга риоя этиш;
• ер участкаси, бинолар, иншоотлар, муҳандислик коммуникациялари ва технологик ускуналарга эгалик ёки бошқа ашёвий ҳуқуқларнинг бўлиши;
• ишлаб чиқариш хавфсизлиги, меҳнат муҳофазаси ва техника хавфсизлиги, ёнғин хавфсизлиги, ишлаб чиқариш санитарияси бўйича талаблар ва нормаларга риоя қилинишини таъминлаш;
• фойдаланиладиган ер майдонларида узлуксиз ишловчи видеокузатув тизимининг мавжудлиги;
• лабораторияда қиёсий таҳлилларни амалга учун гиёҳвандлик воситалари, психотроп моддалар ва прекурсорлардан фойдаланиш бўйича лицензияга эга бўлиш;
• ишлаб чиқарилган маҳсулотнинг камида 50 фоизини экспортга йўналтириш;
• ирригация инфратузилмасини модернизациялаш ва ресурс тежайдиган технологияларни жорий қилиш.
Шунингдек Низомда қуйидагилар келтирилган:
• лицензия олиш учун зарур бўлган ҳужжатлар рўйхати;
• аризани кўриб чиқиш ҳамда лицензия бериш ёки лицензия беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилиш тартиби;
• лицензиялаш талаблари ва шартларига риоя этилиши устидан назорат қилиш усуллари;
• лицензиянинг амал қилишини тўхтатиш, тугатиш ва бекор қилиш;
• лицензиялар реестрини юритиш тартиби.
Аризани кўриб чиқиш учун БҲМнинг 50%и миқдорида йиғим ундирилади. Лицензия учун тўланадиган ҳар йиллик давлат божи миқдорлари қонун ҳужжатларида белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда тиббий мақсадларда каннабис етиштиришга рухсат берувчи лицензияни олиш учун қарийб 700 млн сўм давлат божи тўлаш керак бўлади.
LiveБарчаси