Камола Ҳаррис номзод бўлиш учун етарли овоз йиғди
Олам
−
03 Август
4238АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис жорий йилнинг ноябрь ойида бўлиб ўтиши режалаштирилган президентлик сайлови учун номзод бўлишда етарли овоз йиғишга муваффақ бўлди. Бу ҳақда кеча, 2 август куни Демократлар миллий қўмитаси раиси Жейми Харрисонга таяниб, СNN хабар берди.
АҚШнинг амалдаги Президенти Жо Байден Ҳаррисдаги бу ривожланишни олқишлаган.
“Мен қабул қилган энг яхши қарорлардан бири Камола Ҳаррисни вице-президент этиб сайлаганим бўлди. У энди бизнинг партиямиз номзоди бўлади ва мен бундан фахрланаман”, деб ёзган у Facebook саҳифасида.
Демократик Миллий Конвенция делегатлари қабул қилган электрон сайлов бюллетенларига фақат Камола Ҳарриснинг исми киритилган. Расмий равишда президентликка номзод сифатида кўрсатилиши учун уни камида 1976 делегат қўллаб-қувватлаши керак эди. Виртуал овоз бериш 5 август куни тугайди. Демократик партиянинг миллий қурултойи эса 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтади. Бироқ Ҳарриснинг номзодини олдиндан расман тасдиқлаш билан у ерда овоз бериш шунчаки расмиятчилик бўлади.
“Мен Демократик партиядан АҚШ президентлигига тахминий номзод бўлишдан фахрланаман. Виртуал овоз бериш муддати ёпилгандан сўнг, кейинги ҳафта сизнинг номзодингизни расман қабул қиламан”, дейди Ҳаррис.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис “Reuters” ва “Ipsos” агентликлари томонидан ўтказилган миллий сўровномада собиқ президент Дональд Трампни ортда қолдиргани хабар қилинганди. Унга кўра, Ҳаррисни респондентларнинг 44 фоизи, Трампни эса 42 фоизи қўллаб-қувватлади.