Ҳаррис биринчи сўровномада Трампни ортда қолдирди
Олам
−
24 Июль
6981АҚШ вице-президенти Камола Ҳаррис “Reuters” ва “Ipsos” агентликлари томонидан ўтказилган миллий сўровномада собиқ президент Дональд Трампни ортда қолдирди. Ҳаррисни респондентларнинг 44 фоизи, Трампни эса 42 фоизи қўллаб-қувватлади. Тадқиқот амалдаги давлат раҳбари Жо Байден қайта сайланиш учун курашдан воз кечаётганини эълон қилганидан кейин ўтказилди. Сўров натижалари кеча, 23 июль куни эълон қилинди.
Сўровда қатнашганларнинг 56 фоизи 59 ёшли Ҳарриснинг “ўткир ақли” ва “қийинчиликларга дош бера олишига” ишонч билдирди. 78 ёшли Трамп ҳақида фақат 49 фоиз респондент шундай фикрда. 81 ёшли Байденнинг натижаси эса 22 фоизни ташкил этди.
Байден президентлик пойгасидан чиқишини эълон қилишидан олдин, 15-16 июль кунлари ўтказилган аввалги сўровда Трамп ва Ҳаррис 44 фоиздан овоз тўплаган. Июль ойи бошида эса собиқ президент ноябрдаги сайловларда ўзининг потенциал рақибидан бир фоизга ўзиб кетди.
21 июль куни Жо Байден АҚШ президентлик сайловларидан ўз номзодини олиб қўйишини маълум қилди ва буни Демократик партия ва бутун мамлакат манфаатлари билан изоҳлади. Оқ уй раҳбари унинг ўрнига Камола Ҳаррисни таклиф қилиб, уни “тўлиқ қўллаб-қувватлашини” билдирди. АҚШ вице-президенти олий давлат лавозимига номзодини қўйишга рози бўлди. У республикачи Трампни енгиш учун Демократик партия ва халқни бирлаштириш учун “ҳамма нарсани қилишга” ваъда берди.
Эртаси куни Ҳаррис бўлажак сайловларда номзодлик учун Демократик партия делегатларининг кўпчилиги томонидан қўллаб-қувватланганини эълон қилди. Буни оммавий ахборот воситалари ҳам тасдиқлади. AP сўровига кўра, Демократлар партиясининг 19-22 август кунлари Чикагода бўлиб ўтадиган қурултойининг 4000 га яқин делегатидан 2500 нафари унинг номзодини қўллаб-қувватлашга тайёр. Номзодлик учун 1976 овоз етарли.
Бундан ташқари, Ҳаррис Байден курашни давом эттиришдан бош тортганини эълон қилганидан кейин 24 соат ичида ўзининг сайловолди кампанияси учун рекорд миқдордаги хайрия – 81 миллион доллар йиғди.
Азизбек Эшмаматов