Кадастр ишлари хусусий секторга ўтказилиши мумкин
Жамият
−
04 Февраль 2021
6147Вазирлар Маҳкамасининг “Кадастр ишларини бажариш соҳасида давлат органлари функциясини хусусий секторга ўтказиш тўғрисида”ги қарори лойиҳаси муҳокамага қўйилди.
Лойиҳа давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни жалб этиш бўйича қўшимча чора-тадбирларини амалга ошириш мақсадида ҳамда 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилганлигини инобатга олган ҳолда ишлаб чиқилган.
Эслатиб ўтамиз, айни пайтда Ергеодезкадастр давлат қўмитасининг қарори билан тасдиқланган Кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом амал қилмоқда. Низомга биноан кадастр муҳандиси томонидан кўчмас мулк объектларининг бошланғич кадастр ҳужжатларини тайёрлаш ишлари амалга оширилмайди.
Лойиҳада қуйидаги ҳужжатларни тасдиқлаш назарда тутилади:
• Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандисининг малака шаҳодатномасини бериш тартиби тўғрисидаги низом (1);
• Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кадастр муҳандислари томонидан кўчмас мулк объектларига кадастр йиғмажилди тайёрлаш бўйича кўрсатиладиган хизматлар нархининг минимал ставкалари (2).
Низомга (1) мувофиқ геодезия, бино ва иншоотлар қурилиши, қурилиш экспертизаси, кўчмас мулк экспертизаси, архитектура, ер тузиш ва ер кадастри бўйича олий маълумотга эга ёки кадастр муносабатлари соҳасида касбий қайта тайёргарлик дастури бўйича таълим олган, шунингдек тегишли соҳада камида бир йил иш стажига эга жисмоний шахслар кадастр муҳандиси малака шаҳодатномасини (кейинги ўринларда – шаҳодатнома) олишга талабгор бўлиши мумкин.
Малака имтиҳони тест синови усулида, компьютер техникасидан фойдаланган ҳолда, талабгорнинг танловига кўра ўзбек ёки рус тилида ўтказилиши назарда тутилмоқда. Имтиҳондан ўтмаган талабгор имтиҳонни қайта топширишга ва апелляция бериш ҳуқуқига эга.
Кадастр муҳандиси юридик шахслар билан тузилган меҳнат шартномаси асосида ёки якка тартибдаги тадбиркор сифатида қуйидаги кадастр хизматларини кўрсатиши таклиф этилмоқда:
• кўчмас мулк объектларини хатловдан ўтказиш;
• кўчмас мулк объектларининг қаватма-қават режаларини тузиш;
• кўчмас мулк объектлари техник режаларини расмийлаштириш;
• кўчмас мулк объектларини техник ҳисобга қўйиш.
Шунингдек лойиҳа билан қуйидагилар белгиланмоқда:
• шаҳодатномани қайта расмийлаштириш ва дубликатини бериш тартиби;
• шаҳодатнома амал қилишини тугатиш ва уни бекор қилиш асослари;
• Агентлик томонидан кадастр муҳандислари реестрини юритиш тартиби.
LiveБарчаси