Қуёш сўнса, сайёралар тақдири нима бўлади?

Бу қизиқ

−

image

Астрономлар Қуёш оқ митти юлдузга айланганидан кейин унинг тизимидаги сайёраларнинг орбиталари беқарорлашиб, уларнинг аксарияти тизимдан чиқиб кетиши мумкинлигини аниқлади. Бу ҳақда “The Astrophysical Journal Letters” журналида чоп этилган тадқиқотга таяниб, “Naked Science” хабар берди.

Олимларнинг ҳисоб-китобларига кўра, тахминан 5 миллиард йилдан кейин Қуёш кескин кенгайиб, қизил гигантга айланади. Бу жараёнда унинг ташқи қатламлари ҳозирги Ер орбитасигача етиб бориши мумкин. Бироқ Ернинг айнан қандай тақдирга дуч келиши ҳозирча аниқ эмас: сайёра Қуёш кенгайиши давомида узоқроқ орбитага кўчиши ёки юлдуз атмосфераси билан ўзаро таъсир сабаб ҳаракатини секинлаштириши мумкин.

Кейинчалик Қуёш ташқи қатламларини йўқотади, унинг қолган ядроси эса оқ митти юлдузга айланади. Аввалги тадқиқотларда бу жараёндан кейин Қуёш тизимидаги айрим сайёралар ўз орбиталарини сақлаб қолиши мумкинлиги тахмин қилинган.

Янги тадқиқотда эса Қуёш массасини йўқотиш жараёни батафсилроқ моделлаштирилган. Олимлар юлдуз массасини бир текисда эмас, балки пульсациялар орқали, яъни даврий равишда йўқотишини ҳисобга олган. Бундай ўзгаришлар Қуёшнинг ҳолатига, натижада сайёралар орбиталарига ҳам таъсир кўрсатади. Вақт ўтиши билан кичик ўзгаришлар тўпланиб, бутун тизимнинг динамик барқарорлигини бузиши мумкин.

Моделлаштириш натижаларига кўра, Қуёш оқ миттига айланганидан кейинги дастлабки 3 миллиард йил ичида сайёралар тизимларининг 96 фоизида орбитал барқарорлик бузилган. Тизимларнинг 40 фоизида эса бундай ўзгаришлар Қуёш ҳали қизил гигант босқичида бўлганидаёқ юз берган.

Бу барча сайёралар албатта йўқ бўлиб кетади, дегани эмас. Айрим ҳолатларда Уран ва Нептун орбиталарининг ўрни алмашиши, бошқа сайёраларнинг ҳаракати эса кескин ўзгариши мумкин. Баъзи моделлаштирилган тизимларда сайёралар орбиталарининг ўзаро мувофиқлашуви уларнинг узоқ вақт барқарор қолишига ёрдам берган.

Тадқиқотга кўра, Қуёш тизимига ўхшаш сайёралар тизимининг реалистик сценарийлардаги ўртача яшаш муддати тахминан 1 миллиард йилни ташкил этган. Қуёш массасини пульсацияларсиз, бир текис йўқотади деб ҳисобланган назарий сценарийда эса бу муддат ниҳоятда узоқ – квинтиллион йилгача етган. Бироқ иккинчи натижа реал шароитларни тўлиқ акс эттирмайдиган идеал ҳисоб-китобларга асосланган.

Олимлар янги натижалар Қуёш тизимининг келажаги ҳақидаги барча саволларга жавоб бермаслигини таъкидламоқда. Хусусан, оқ митти ва ҳатто нейтрон юлдузлар атрофида ҳам сайёралар аниқланган.

Уларнинг айримлари юлдуз эволюциясидан кейин ҳосил бўлган бўлиши мумкин, бошқалари эса аввалги сайёра тизимларидан сақланиб қолган. Агар янги ҳисоб-китоблар тўғри бўлса, бундай сайёралар қандай қилиб ўз орбиталарини сақлаб қолгани қўшимча тадқиқотларни талаб қилади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ NOIRLab астрономлари “Кристалл шар туманлиги” деб аталадиган NGC 1514 объектининг янги тасвирини эълон қилгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг