Қўшни давлатлардан олиб келинган қарийб 8 килолик наркотик моддалар савдосига чек қўйилди (видео)
3-саҳифа
−
29 Январь
2139Сурхондарё, Наманган, Андижон вилоятларида гиёҳвандлик воситаларининг ноқонуний айланмасига қарши курашиш борасида ўтказилган тезкор тадбирларда қўшни мамлакатлардан олиб келинган қарийб 8 килограммлик наркотик моддалар савдосига чек қўйилди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Хусусан, Сурхондарё вилоятининг Денов туманида яшовчи фуқаро ва унинг Термиз шаҳрида истиқомат қилувчи жиноий шериги 3 килограмм 849 грамм “опий” моддасини Самарқанд вилоятининг Самарқанд туманида сотиш мақсадида олиб келган вақтларида ашёвий далиллар билан ушланди. Терговга қадар текширув давомида аниқланишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси муқаддам тожикистонлик наркокурьер томонидан Денов тумани ҳудудига контрабанда йўли билан етказиб берилган.
Наманган вилоятининг Поп туманида ўтказилган тезкор тадбирда “Тошкент-Наманган” йўналишида ҳаракатланаётган, Чуст туманида яшовчи шахс бошқарувидаги Damas русумли автомашина тўхтатилиб, кўздан кечирилди. Натижада, унинг салон қисмига яшириб қўйилган 2 килограмм 436 грамм “гашиш” моддаси аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, у муқаддам тожикистонлик наркокурьерлар томонидан айланма йўллар орқали Тошкент вилоятининг Оҳангарон тумани ҳудудига олиб келиниб, хуфия жойга қолдириб кетилган ушбу гиёҳвандлик воситасини олиб, қайтаётган бўлган.
Бошқа ҳолатда эса “Наманган-Андижон” йўналишида ҳаракатланган Cobalt русумли автомашина Андижон шаҳрида тўхтатилиб, кўздан кечирилганда, унда йўловчи сифатида кетаётган Қирғизистон фуқароси, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахсга тегишли 1 килограмм 702 грамм “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Терговга қадар текширув давомида, у Қирғизистондан контрабанда йўли билан Наманган вилоятига олиб келган ушбу наркотик моддани Андижон шаҳрида сотишни режалаштиргани маълум бўлди.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган наркокурьерлар қўлга олиниб, улар олиб келган жами 47,2 килограмм наркотик моддалар мусодара қилинганди.
LiveБарчаси
18 Февраль
18 Февраль