Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келган наркокурьерлар қўлга олинди
3-саҳифа
−
11 Октябрь
10317Афғонистон, Тожикистон ва Қирғизистондан келтирилган жами 47,2 килограмм наркотик моддалар мусодара қилинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Сурхондарё вилоятининг Узун туманида яшовчи, 1971, 1974, 1985 йилларда туғилган 3 нафар фуқаро Тожикистондан 10 килограмм 50 грамм “опий” ва 10 килограмм 29 грамм “гашиш” моддаларини контрабанда йўли билан олиб ўтган вақтида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан қўлга олинган.
Наркокурьерлар томонидан Афғонистондан олиб келиниб, Музработ тумани ҳудудидаги яширин жойга қолдириб кетилган 1 кг 953 гр “опий” ва 4 кг 116 гр “гашиш” моддаларини қабул қилиб олган вақтида Термиз шаҳрида яшовчи, 1981 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган шахс ушланган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу наркотик моддаларни Термиз шаҳрида қабул қилиб олган вақтида 1976 йилда туғилган Қозоғистон фуқароси ушланди.
Термиз туманида ўтказилган тезкор тадбирда, муқаддам наркокурьерлар томонидан махфий жойга қолдириб кетилган 922 гр “опий” ва 4 кг 203 гр “гашиш” моддаларини олиб, доимий яшаш манзилига кетмоқчи бўлган вақтида Самарқанд шаҳрида истиқомат қилувчи, 1977 йилда туғилган фуқаро ушланган. Мазкур шахс ушбу гиёҳвандлик моддасининг ҳар бир килограммини афғонистонлик наркосавдогарлардан 2300 АҚШ долларидан сотиб олган.
Сариосиё туманида қайд этилган ҳолатда эса Денов туманида яшовчи, 1968 йилда туғилган, муқаддам гиёҳвандлик воситалари савдоси билан боғлиқ жинояти учун судланган фуқаро тўхтатилиб текширилганда, унинг ёнида 4 кг 80 гр “гашиш” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Маълум бўлишича, ушбу гиёҳвандлик воситаси Тожикистондан айланма йўллар орқали олиб келинган.
Шунингдек, Фарғона вилоятининг Қўқон шаҳрида яшовчи, 1979 йилда туғилган шахс бошқарувидаги Gentra машинаси тўхтатилиб текширилганда, унинг салон қисмида 975 гр “опий” моддаси борлиги аниқланиб, тегишли тартибда ҳужжатлаштириб олинган. Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам 789 гр “опий” ҳамда 5 кг 239 гр “гашиш” моддалари олинди. Аниқланишича, мазкур фуқаро тожикистонлик наркосавдогарлар томонидан юборилган ушбу заҳри қотилни Қўқон шаҳрида сотишни режалаштирган.
Бошқа ҳолатда эса муқаддам қирғизистонлик наркокурьерлар томонидан Қувасой шаҳри ҳудудидаги хуфия жойга қолдириб кетилган 4 кг 922 гр “гашиш” моддасини олиб, доимий яшаш манзилига кетаётган вақтида Фарғона шаҳрида истиқомат қилувчи, 1998 йилда туғилган фуқаро ушланган.
Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан жиноят ишлари қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Тошкент шаҳрида гиёҳвандлик воситаларини тарқатувчи фуқаро қўлга олинди. Олмазор туманида ярим тунда ташландиқ жойда тентираётган 24 ёшли “закладка” тарқатувчи йигит Ички ишлар органи ходимларининг эътиборини тортган. Текширилганда унинг ёнидан сариқ “изолента”га ўралган, оқ кукунсимон модда топилган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь