Қулаган кўприкка ишонса бўладими? – Воқеа жойидан махсус

Интервью

Хабарингиз бор, жорий йилнинг 12 август куни Тошкент шаҳар Яккасарой тумани “Бобур” кўчасидан Ислом Каримов номидаги “Тошкент халқаро аэропорти”га олиб борувчи ва “Содиқ Толипов” кўчасига чиқиш ва тушишга имкон берувчи янги қурилаётган йўл ўтказгич бирданига қулаб тушди.

Ҳолат акс этган видео эса кеча ижтимоий тармоқларда тарқалди. Воқеани ёритиш учун келган журналистларнинг калтакланиши ортидан жамоатчилик муҳокамаси умуман бошқа томонга оғиб кетди. Аммо QALAMPIR.UZ ҳеч нимани оонликча унутмайди ва масаланинг асл моҳиятига қайтиш учун бугун, 15 август куни воқеа жойига етиб борди. Хўш, мазкур йўл ўтказгич нега қулаб тушди? Жавобгар ким, айбдор-чи?

Маълумотларга кўра, йўл ўтказгич Тошкент шаҳар ҳокимияти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси томонидан амалга оширилаётган бўлган.

“Содир бўлган кўнгилсиз воқеа жорий йилнинг 12 август куни тахминан эрталаб соат 9:25 лар атрофида юз берди. Объектимизнинг 6-7-прорад оралиғида узунлиги 42 метр, қалинлиги 2 метр бўлган темир-бетон оралиқ қурилмаларини – тўсин ўрнатиш жараёнида, эҳтиётсизлик оқибатида қулаб тушди. Эндигина монтаж қилинаётгани учун улар ҳали қотирилмаган эди. Монтаж жараёнидан кейин тўсинлар бир-бирига пайвандлаш, бетон ва темир билан қотириш орқали яна мустаҳкамланиши керак эди. Шундан кейингина улар 100% мустаҳкам бўлар эди. Аммо эҳтиётсизлик оқибатида тўсинлар тўқнашиб кетди. Бу воқеа ҳеч қандай сифатсиз қурилиш материалларини ишлатиш ва шунга ўхшаш сабаблар туфайли бу содир бўлмади. Бу айни пайтда Ўзбекистон Республикаси Транспорт прокуратураси томонидан ўрганилмоқда ва тез кунда тегишли хулосалар чиқади”, дейди “Кўприкқурилиш” УК 67-қурилиш отряди бош муҳандиси Жаҳонгир Набиев.

Ҳодисада ҳеч ким жабрланмади, аммо ҳолат юзасидан жиноий иш қўзғатилиб, уч киши хибсга олинган. 

“Ҳозирда корхонамиздан уч нафар мансабдор шахсни гумонланувчи сифатида ушлаб туришибди. Уларнинг бири менинг бошлиғим, икки нафари эса иш бошқарувчиларим эди”, дейди бош муҳандис.

Афсуски, бу Тошкент шаҳар ҳокимияти “Ягона буюртмачи хизмати” инжиниринг компанияси буюртмаси асосида амалга оширилаётган биринчи кўнгилсиз ҳолат эмас. Бир-неча йил олдин “Туркистон” метроси устидаги яп-янгги йўл бирданига чўкиб кетган эди. Аммо лойиҳа амалиётчиси  “Кўприкқурилиш” трести унитар корхонаси масъули қурилиш сифатли тарзда амалга оширилаётганини айтмоқда.

“Ҳар бир ишнинг ўз мутахассиси бор. “Кўприкқурилиш” корхонасида ҳам малакали мутахассислар ишлаяпти ва ҳар бир иншоотимизга тўлақонли жавоб берамиз. Ҳеч қандай ваҳимага ўрин йўқ. Бу қурилиш учта лобаратория тарафидан текширилиб, назорат қилиб борилмоқда. Қурилиш материаллари ҳақида гапирилганда эса, корхонамиз ўзи ишлатаётган ҳар бир деталнинг сифатига эътибор бериши, сифат кафолати мавжуд бўлган маҳсулотлардан фойдаланишини ишонч билан айта оламан. Мен бунга кафолат бераман”, дейди Набиев.

Масъулнинг гаплари қай даражада рост, кўприк қанчалик сифатли, биз буни фақат қурилиш ишлари тугалланганидан кейин фойдаланилгач, била оламиз.

Шу йилнинг февраль ойида бошланган қурилиш ишлари эса 2024 йилда тугалланиши ва декабрь ойида фойдаланишга топширилиши режалаштирилган. Ярим қисми демонтаж қилинган бўлса-да, аэропортга элтадиган йўл ўтказгичда ҳаракат тўхтагани йўқ.

Биз воқеа жойига аслида кечанинг ўзида етиб келишимиз мумкин эди. Аммо рухсат олиш ишлари нақ бир ярим кун вақт олди. Тезкорликни таъминлаш истагида ҳудудга етиб келган бошқа журналистлар эса қурилиш ҳудудида калтакланди. “Кўприкқурилиш” УК 67-қурилиш отряди бош муҳандиси Жаҳонгир Набиев кеча, 14 август куни журналистларнинг калтакланиши борасида ҳам саволларимизга жавоб берар экан, агар улар махсус кийимларда келганида ҳеч қандай муаммо бўлмаслигини билдирди.

“Кеча содир бўлган воқеа жуда ёмон ҳолат. Қўл остимда ишлайдиган иш бошқарувчим жуда оғир-босиқ, унча-бунчага жаҳли чиқавермайдиган одам эди. У ҳозир ишдан бўшатилди. Мен унинг ишини оқламоқчи эмасман, аммо танганинг иккинчи томони ҳам бор: журналистлар ҳудудга кирганида махсус кийимлар билан талабларга риоя қилган ҳолда киришса, ҳеч ким уларни ҳайдамайди, ҳеч ким уролмайди. Биз ҳам интервью олиш, видеоматериал тайёрлашга кўмаклашган бўлар эдик”, дейди у.

Бироқ агар ҳам журналистларни калтаклаганлар улардан махсус кийим талаб қилган бўлса, унда нега ўзлари қурилиш объектида махсус кийимларсиз, хусусан, бош кийимсиз юрибди? Ёки хавфсизлик қоидалари фақат журналистлар учун амал қиладими? 

Мавзуга яна қайтамиз.


Мақола муаллифи

Теглар

йўл ўтказгич Ягона буюртмачи хизмати Тошкент халқаро аэропорти Кўприкқурилиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг