Қозоғистонга бораётган ўзбекистонликлар учун қандай чекловлар мавжуд?
Олам
−
12 Сентябрь 2020
9397Қозоғистон Республикаси Индустрия ва инфратузилмаларни ривожлантириш вазирлиги Қозоғистонга учиб келадиган парвозлар учун жорий қилинган чекловларни эълон қилди.
Қозоғистон Республикаси Бош давлат санитария врачининг жорий йилнинг 15 августидаги 48-сонли қарорига биноан мунтазам халқаро қатновлар учун бир қатор чеклов чоралари ўз кучида қолмоқда.
Хусусан, биринчи тоифага киритилган Хитой, Жанубий Корея, Япония, Грузия, Таиланд, Венгрия, Ҳиндистон, Германия, Чехия, Малайзия, БАА, Беларусь, Туркия, Миср, Украина, Нидерландия ва Россиядан келганлар термометрия ва сўровномалардан ўтадилар.
Иккинчи тоифадаги Польша, Ўзбекистон, Тожикистондан келганлар термометрия ва саволномадан ўтишади. Шунингдек, ушбу мамлакатлар фуқаролари сўнгги 5 кун ичида топширган ПЗР тести натижалари манфий бўлган тақдирдагина Қозоғистонга чекловсиз кира олишади. Сертификат бўлмаган тақдирда, келган кундан бошлаб 48 соат ичида лаборатория синовлари топширишади ёки 14 кун давомида карантинда бўлишади.
Айни пайтда биринчи ва иккинчи тоифадаги мамлакатлардан ташқари барча мамлакатлар билан мунтазам парвозлар тақиқланган.
Аввалроқ, Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида мунтазам авиақатновлар тиклангани ҳақида хабар берган эдик. Узоқ танаффусдан сўнг, Олма-отадан учган илк самолёт Тошкентга қўнди. Ўзбекистон яна БАА, Туркия, Германия, Қирғизистон билан ҳам парвозларни тиклаш тўғрисида қарор қабул қилган.
LiveБарчаси