Ўзбекистон эртадан 5 та мамлакат билан доимий парвозларни тиклаяпти
Жамият
−
03 Сентябрь 2020
28456"Uzbekistan Airways" АЖ мунтазам халқаро авиақатновларни қайта тиклаётгани ҳақида хабар қилди. Унга кўра, эртага, 4 сентябрдан бошлаб Ўзбекистонда қуйидаги йўналишлар бўйича парвозларни мунтазам равишда қайта тиклаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Тошкент-Дубай-Тошкент - ҳафтада бир марта 4 сентябрдан жума кунлари;
Тошкент-Франкфурт-Тошкент - ҳафтада бир марта 10 сентябрдан пайшанба кунлари;
Тошкент-Олмаота-Тошкент - ҳафтада бир марта 11 сентябрдан жума кунлари;
Тошкент-Бишкек-Тошкент - ҳафтада бир марта 14 сентябрдан душанба кунлари;
Тошкент-Истанбул-Тошкент - 4, 7, 11, 14, 16, 18, 21, 23, 24, 25, 28 ва 30 сентябрь.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг жорий йил 1 сентябрдаги қарорига мувофиқ, Коронавирус пандемияси даврида мунтазам халқаро авиақатновларни амалга ошириш тартиби тўғрисидаги вақтинчалик йўриқнома тасдиқланди.
Мазкур вақтинчалик йўриқнома 2020 йил 1 сентябрдан эътиборан кучга кириши ҳамда мазкур йўриқнома кучга киргандан сўнг хориждаги фуқароларни тўлов асосида меҳмонхонага карантинга жойлаштириш шарти билан чартер қатновларини ташкил этиш бўйича туроператорлар ҳамда авиакомпанияларга рухсатномалар бериш амалиёти тўхтатилиши, шу билан бирга аввал берилган рухсатномалар 2020 йил 1 октябрга қадар амал қилиши белгилаб қўйилди.
Шунингдек, қўшни давлатларда рўйхатдан ўтган ва республикага вақтинчалик олиб кирилган автотранспорт воситаларини Ўзбекистон Республикаси ҳудудидан олиб чиқилишига рухсат берилди ҳамда қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида бошқа хорижий давлатлар автотранспорт воситаларини қайтариб олиб чиқиш муддати 2020 йил 1 ноябрга қадар узайтирилди.
LiveБарчаси