Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида 450 метрлик туннель топилди
Олам
−
26 Декабрь
10294Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида 450 метрлик нефть маҳсулотларини контрабанда қилиш учун мўлжалланган туннель йўқ қилинди. Бу ҳақда Қозоғистон Бош прокуратурасига таяниб, “Казинформ” хабар берди.
Қайд этилишича, бир гуруҳ шахслар томонидан Қозоғистон ва Ўзбекистон чегараси остида узунлиги 450 метр бўлган туннель қазилган. Мазкур туннель орқали ҳар куни 5-7 тонна нефть маҳсулотлари ноқонуний олиб ўтилган. Ушбу ноқонуний фаолият тахминан икки ой давом этган.
Ҳозирда жиноий гуруҳнинг барча аъзолари аниқланган бўлиб, улар орасида Ўзбекистон фуқаролари ҳам бор. Ўзбекистон ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ҳам давлат чегарасининг чегарадош ҳудудларида худди шундай тадбирларни амалга оширган. Бундан ташқари, қўшни давлатдан экспорт қилинган ёқилғи учун маблағ ўтказиш схемаси аниқланган.
Билдирилишича, ушбу иш доирасида халқаро жиноий гуруҳнинг Қозоғистон ва Ўзбекистон ҳудудидаги аъзолари қўлга олинган. Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан дастлабки тергов ишлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ ҳам Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида ноқонуний ерости йўли (туннель) аниқланиб, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 1 млрд сўмлик дори воситалари олинган эди.
LiveБарчаси
Тошкент шаҳрининг бош режаси тасдиқланди.
26 Декабрь