Ўзбекистон-Қозоғистон чегарасида ноқонуний туннель аниқланди
3-саҳифа
−
03 Июль
10275Тошкент вилоятининг Қозоғистон билан чегара ҳудудида ноқонуний ерости йўли (туннель) аниқланди ва Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган 1 млрд сўмлик дори воситалари олинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари томонидан чегара қўшинлари ва “Тошкент-Аэро” ИБК ҳарбий хизматчилари билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда, Ҳиндистондан Қозоғистон орқали Ўзбекистонга катта миқдордаги, сифати кафолатланмаган дори воситаларини ноқонуний олиб келиш билан шуғулланган трансчегаравий жиноий гуруҳ фаолияти фош этилган.
Хусусан, жиноий гуруҳ томонидан навбатдаги дори воситалари “Деҳли-Тошкент-Олмаота” авиайўналиши орқали транзит тарзда Олмаота халқаро аэропортига олиб келиниб, Қозоғистоннинг Туркистон вилояти Сариёғоч тумани “Дўстлик” аҳоли яшаш пунктига етказилган ва яширин ерости йўли орқали Тошкент вилоятининг Тошкент тумани “Ўрикзор” МФЙ ҳудудига ўтказилган.
Тезкор тадбир давомида жиноий гуруҳ аъзоларидан жами 1 млрд 94 млн 342 минг сўмлик, Ҳиндистонда ишлаб чиқарилган “Альбумин”,“Ремдесивир”,“Меропенем” каби жами 107 номдаги 17048 дона дори воситалари ашёвий далил сифатида расмийлаштирилган.
Таъкидлаш лозимки, 1975 йилда туғилган фуқаронинг Тошкент тумани “Ўрикзор” МФЙдаги уйини Қозоғистоннинг Сариёғоч тумани “Дўстлик” аҳоли яшаш пункти билан боғловчи ерости йўлининг узунлиги 310 метрни ташкил этади. Ерости йўли ҳаво вентиляцияси, ёритиш тизими, юкларни ташишга мўлжалланган аравалар ва арқонлар билан жиҳозланган.
“Ҳозирда ҳолат юзасидан жиноий гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган”, дейилади хабарда.
LiveБарчаси
Медведев Хитойга борди.
10:15