Қозоғистонда “тозалаш”: ҳибсга олинганлар сони 8 мингга яқинлашди
Олам
−
10 Январь 2022
6901Қозоғистон ҳуқуқ-тартибот идоралари мамлакатдаги тартибсизликлар ортидан қарийб 8 минг кишини ҳибсга олди. Бу ҳақда ТАСС хабар бермоқда.
“Мамлакат бўйича 7939 киши қўлга олинди. Ҳуқуқ-тартибот идоралари ходимлари, Миллий гвардия ҳарбий хизматчилари ва махсус бўлинмалари Олма-отадаги иккита бозорда 207 кишини ҳибсга олди”, дейилади хабарда.
Қайд этилишича, полиция бешта ўғирланган транспорт воситасини, инвентар буюмларни, тўртта совуқ ва иккита ўқотар қуролни мусодара қилган.
Қозоғистонда намойишлар
Қозоғистонда норозилик акциялари янги йилнинг илк кунларидан бошланди. Жанаозен шаҳрида автомобиль эгалари суюлтирилган газ нархи 120 тенгега (қарийб 3 минг сўм) кўтарилганидан норози бўлиб, оммавий митингга чиқди. Тобора оловланган намойишлар ортидан Ҳукумат комиссияси Ақтау шаҳридаги “Ынтымак” майдонида намойишчилар билан учрашган. Учрашув давомида суюлтирилган газ нархини пасайтириш ва Манғистау вилоятида газ нархини литри учун 50 тенге этиб белгилаш тўғрисида қарор қабул қилинган.
Музокара давомида томонлар барча юзага келаётган муаммоларни конструктив мулоқотнинг асосий оқимида ва амалдаги қонунчилик доирасида ҳал қилишга келишиб олган.
5 январь куни, Қозоғистоннинг амалдаги Ҳукумати истеъфо берди. Президент Қосим-Жомарт Тўқаев Ҳукумат истеъфосини қабул қилди. Шунингдек, Қозоғистоннинг Биринчи Президенти - Элбоши Нурсултон Назарбоев Қозоғистон Хавфсизлик кенгаши раиси лавозимидан кетди. Унинг ўрнини Президент Тўқаев эгаллади.
Миллий хавфсизлик қўмитаси раиси Карим Масимов лавозимидан озод этилди. Унинг ўрнини Ермек Сагимбаев эгаллади.
Қозоғистонда бутун мамлакат бўйлаб 19 январгача фавқулодда ҳолат жорий этилди. Шунингдек, шу кунларда соат 23:00 дан 07:00 гача комендантлик соати амалда бўлади.
Президент Республика Сакен Исабековни давлат қўриқлаш хизмати раҳбари этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Тўқаев мамлакатдаги норозилик вазиятига Ҳукумат, хусусан, Энергетика вазирлиги, шунингдек, “Казмунайгаз” ва “Казакгаз” компанияларини айблади.
Коллектив хавфсизлик шартномаси ташкилоти (КХШТ) мамлакатга чекланган муддатга тинчликпарвар кучларни киритиш тўғрисида қарор қабул қилди.
LiveБарчаси