Қозоғистонда мактаблар террорчилик хавфи бўйича баҳоланди
Олам
−
08:56 344 1 дақиқа
Қозоғистонда мавжуд 8 028 та мактабнинг 6 254 таси террорчилик таҳдиди нуқтаи назаридан ҳимоя қилиниши лозим бўлган объектлар сифатида белгиланди. Бу ҳақда “Kazinform” хабар берди.
Қайд этилишича, ушбу тоифадаги мактабларнинг барчаси террорчиликка қарши хавфсизлик талаблари асосида жиҳозланган.
Жумладан, уларда видеокузатув камералари, хавотир тугмалари, лицензияга эга қўриқлаш хизмати ҳамда киришни назорат қилиш тизимлари бўлиши керак.
2025 йил охирида Қозоғистон Таълим ва Ички ишлар вазирликлари маҳаллий ҳокимликлар билан биргаликда мамлакатдаги барча мактабларни текширган. Унга кўра, 6 254 та мактабнинг барчаси белгиланган терроризмга қарши хавфсизлик талабларига жавоб бериши маълум бўлган.
Шунингдек, мактабларда ўқитувчилар, ходимлар ва ўқувчилар иштирокида фавқулодда вазиятларда қандай ҳаракат қилиш бўйича ҳар олти ойда камида икки марта ўқув машғулотлари ўтказилиши белгиланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Таиланднинг Бангкок шаҳри яқинидаги мактабда ўқувчи отишма содир этиб, бир ўқитувчини ўлдирганди ва яна 4 кишини яралагани ҳақида хабар берилган эди.