Қозоғистон Россияга қарши санкцияларга амал қилади – Тўқаев
Олам
−
29 Сентябрь 2023
8406Кеча, 28 сентябрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев Германия канцлери Олаф Шольц билан учрашувдан сўнг ўтказган матбуот анжуманида Остонанинг Россияга қарши санкцияларга риоя қилиши масаласини кўтарди. Бу ҳақда Тўқаевнинг матбуот хизмати хабар берди.
Қозоғистон Президенти ва Германия канцлерининг қўшма матбуот анжуманида ОАВ вакиллари Тўқаевга Қозоғистоннинг Россия билан муносабатлари, Украина атрофидаги можарога муносабати ва санкцияларга риоя қилиши ҳақида савол берган.
“Ҳақиқатан ҳам Қозоғистон ва Россия дунёдаги энг узун қуруқлик чегарасига эга. Бизда ҳамкорлик анъаналари бор, хоҳ у савдо, хоҳ гуманитар алоқалар бўлсин. 2013 йилда мамлакатларимиз ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги шартнома имзоланган. Украина можаросига келсак, Қозоғистон ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, БМТ Низоми асосида тинчлик музокараларини ўтказиш тарафдори. Бугун мен муҳтарам жаноб канцлерга вазият жуда жиддий эканини айтдим. Россия томони ҳам, Украина томони ҳам музокараларга тайёр эканини даъво қилмоқда, аммо музокаралар платформаси ниҳоятда ноаниқ. Шундай экан оқилона, мантиқий, мен айтган бўлардимки, доно дипломатия даври келди. Ўзаро айбловларни тўхтатиш керак. Тинчлик музокаралари учун ҳар икки томон учун мақбул асос топиш керак. Қозоғистон Украина можаросини ҳал қилишнинг муайян вариантларини таклиф қилаётган тегишли давлат ва давлатлар гуруҳларининг барча саъй-ҳаракатларини қўллаб-қувватлайди ва биз ўз навбатида барча зарур шартларни қўллаймиз”, деган Президент.
Шунингдек, Тўқаев Қозоғистонда Россия томонидан ҳудудий даъволар бўйича ҳеч қандай хавотир йўқлигига ишонтирган.
“Қозоғистон ва Россия ўртасидаги чегарага келсак, у ўз вақтида делимитация ва демаркация қилинган, икки давлат парламентлари томонидан тасдиқланган ва ратификация қилинган. Шунинг учун бизда Россия томонидан ҳудудий даъволар бўйича ҳеч қандай хавотир йўқ. Биз икки томонлама асосда, шунингдек, тегишли интеграция бирлашмалари доирасида мунтазам дўстона алоқаларни давом эттирамиз”, деган Қозоғистон раҳбари.
Президент Россияга қарши санкциялар ва уларга риоя қилиш масаласига ҳам тўхталган.
“Санкцияларни четлаб ўтиш мумкин бўлган ҳолатларга келсак, Қозоғистон санкция режимига амал қилишини аниқ маълум қилди. Санкция режимига риоя қилиш учун тегишли ташкилотлар билан алоқалар мавжуд. Менимча, Германия томонида санкциялар режимини четлаб ўтишга қаратилган ҳаракатлар юзасидан хавотир бўлмаслиги керак”, дея такидлаган Президент Тўқаев.
Маълумот учун, кеча, 28 сентябрь куни Тўқаев Германияга расмий ташриф билан борган. У ерда федерал канцлер Олаф Шольц билан тет-а-тет форматида музокаралар олиб борган. Музокаралар чоғида томонлар икки томонлама муносабатлар жадал ривожланаётганини қайд этиб, Қозоғистон-Германия муносабатларини янада ҳар томонлама мустаҳкамлашга ўзаро интилишларини тасдиқлади. Шундан сўнг давлат раҳбарларининг кенгайтирилган таркибдаги музокаралари бўлиб ўтди. Давлат раҳбарлари, жумладан, виза тартибини муҳокама қилди, канцлер Шольц Германия томони Қозоғистон билан ҳар томонлама ҳамкорликни кенгайтиришдан манфаатдор эканини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 29 сентябрь куни Берлинда Марказий Осиё давлатлари Президентлари ва Германия канцлерининг биринчи саммити бўлиши кутилмоқда. Кеча, 28 сентябрь куни мазкур тадбирда қатнашиш учун Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Германияга жўнаб кетди.
LiveБарчаси