Германия канцлери Марказий Осиёнинг барча президентлари билан учрашмоқчи
Олам
−
27 Сентябрь 2023
6441Жорий йилнинг 29 сентябрь куни Берлинда Марказий Осиё давлатлари Президентлари ва Германия канцлерининг биринчи саммити бўлиб ўтади. Бу ҳақда Германия ҳукумати раҳбарининг матбуот хизмати хабар берди.
“29 сентябрь куни Федерал канцлер Олаф Шольц Марказий Осиёнинг барча бешта давлати Президентлари билан учрашув ўтказади”, дейилади хабарда.
Қайд этиш жоизки, мазкур форматдаги учрашув илк бор ўтказилмоқда. Саммитда асосий эътибор минтақавий ва иқтисодий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, шунингдек, минтақа ва Германия учун муҳим бўлган ўзаро ҳамкорлик масалаларига қаратилади.
Шундан сўнг, Шольц билан Ўзбекистон, Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистон Президентлари ўртасида икки томонлама музокаралар бўлиб ўтади.
Эртага, 28 сентябр куни эса канцлер Шольц Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев билан учрашади. Музокаралар чоғида сиёсатчилар кенг кўламли мавзуларни, жумладан, икки томонлама муносабатлар, иқтисодий ва энергетика сиёсати соҳасидаги ҳамкорликни муҳокама қилиши кутилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 19 сентябрь куни Нью-Йоркда Марказий Осиё мамлакатлари ва Америка Қўшма Штатлари етакчиларининг “C5+1” форматидаги биринчи саммити бўлиб ўтганди. Унда АҚШ, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон ва Ўзбекистон Президентлари қатнашганди. Шундан сўнг, Япония Қозоғистон билан келаси йили Марказий Осиё – Япония форматида саммит ўтказиш бўйича ҳамкорлик қилишга келишиб олди. Кейинчалик келаси йилда Ўзбекистонда биринчи Марказий Осиё–Европа Иттифоқи саммити бўлиб ўтиши кутилаётганини айтилди.
LiveБарчаси