Қозоғистон чегарасида вабо сабабли назорат кучайтирилди
Олам
−
22 Февраль 2023
10019Қозоғистон бошқа мамлакатларда вабо тарқалиши сабабли чегарада назоратни кучайтирди. Бу ҳақда Қозоғистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига таяниб, “Tengrinews.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, Қозоғистон Республикаси Соғлиқни сақлаш вазирлиги Санитария-эпидемиология назорати қўмитаси дунёнинг қатор мамлакатларида вабо билан касалланиш ҳолатлари кўпайиб бораётганини маълум қилган.
“Касаллик асосан Африка давлатлари, Сурияда кузатилмоқда. Қозоғистонга келсак, сўнгги 10 йил ичида маҳаллий вабо билан касалланиш ҳолатлари қайд этилмаган. Вабо – одамдан одамга тўғридан-тўғри юқадиган касаллик. Шу билан бирга у сувда узоқ муддат сақланиб қолади”, деган республика санитария-эпидемиология назорати қўмитаси юқумли касалликларни эпидемиологик назорат қилиш бошқармаси бошлиғи Роза Қўжапова.
Шунингдек, у бу йилги вазият мураккаблашганига қарамасдан, очиқ ҳавзалардаги ва ичимлик сувининг сифати доимий равишда назорат қилинаётганини маълум қилган.
Унинг сўзларига кўра, бир қатор мамлакатларда вабо касаллиги қайд этилганини ҳисобга олиб, Қозоғистон чегарасида назорат кучайтирилмоқда. Шунинг учун ҳам мамлакатга келган фуқаролар текширилмоқда. Агар уларда вабонинг биринчи белгилари сезилса, беш кун давомида уларнинг саломатлиги назорат остига олинади.
“Шу давр мобайнида агар улар касал бўлиб қолса, улар изоляция қилинади. Агар одамлар чет элдан келган бўлса ва уларда ҳам худди шундай касаллик кузатилса, эпидемияга қарши чоралар кўрилади ва улар изоляция қилинади. Аммо бугун вазият тинч”, дейди Роза Қўжапова.
Алибек Бейжанов
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь